Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 8 минг 2 та дорихона рўйхатга олинган. Ушбу дорихоналарда 15 минг 609 та онлайн-НКТ мавжуд.
Харид қилинган дори воситалари учун истеъмолчиларга берилган фискал чекларда кўрсатилган МХИК асосида аҳолининг тиббий препаратлар учун қанча маблағ сарфлаётгани тўғрисида маълумотлар шаклланади. Жорий йилнинг 5 ойида дори воситалари учун энг катта харажатлар Тошкент шаҳри (2,1 триллион сўм) қайд этилган. Бунга сабаб, кўрсаткичлари йирик тиббиёт муассасалари айнан ушбу ҳудудда жойлашган. Кейинги ўринларда Самарқанд (986,9 миллиард сўм) ва Тошкент вилоятлари (663,4 миллиард сўм) қайд этилган.
Республика ҳудудлари кесимида энг кам харажатлар Жиззах, Навоий ва Сирдарё вилоятларига тўғри келган.
Юқоридаги рақамлар ва ҳар бир ҳудудда рўйхатга олинган аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда йил бошидан ўртача бир киши дори воситаларига Тошкент шаҳрида – 750 минг сўм харажат қилади. Бухоро вилоятида – 277 минг сўм, Самарқанд вилоятида – 245,1 минг сўм сарфлаган.
Январь-май ойларида аҳоли жон бошига нисбатан камроқ харажатлар қуйидаги ҳудудларда қайд этилган. Қашқадарё вилоятида – 120 минг сўм, Қорақалпоғистон Республикасида – 118 минг сўм, Сурхондарё вилоятида – 114 минг сўмни ташкил этади.
Бундай маълумотлар солиқ органларининг маълумотлар базасида нафақат вилоятлар, балки ҳар бир туман ва маҳалла кесимида шаклланади. Фискал чеклар маълумотлари таҳлилига кўра, энг кўп маблағ юрак-қон томир касалликлари, инфекцион касалликлар, оғриқ қолдирувчи восита, асаб тизими касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари, нафас олиш йўллари касалликлари, таянч-ҳаракат тизими, томоқ-бурун касалликлари, жигар касалликларини даволаш учун мўлжалланган дори воситаларига сарфланган.
Солиқ қўмитаси мутахассисларининг қайд этишича, дори воситалари мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим. Шунда дори воситалари маркировкасининг ҳақиқийлигини Солиқ мобил иловаси орқали текшириш мумкин бўлади.
Ш.Маматуропова, ЎзА