Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳар жиноят судларида 2017 йилдан бери 882 нафар шахс оқланди
11:46 / 2023-08-05

Тошкент шаҳар судида брифинг бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар суди раҳбарлари ва Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари иштирок этиб, 2023 йилнинг биринчи ярмида жиноят, иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий судларда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.

Қайд этилишича, пойтахт туманлари судлари томонидан жами 4 минг 552 жиноят иши, бошқа турдаги 7 минг 81 иш кўриб чиқилган. 

Тошкент шаҳар судлари томонидан 5 минг 522 нафар шахсга нисбатан 4 минг 553 жиноят иши кўрилган. 2 минг 434 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган, 744 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган. 

109 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроғига алмаштирилган. 1,1 мингдан зиёд ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.

Жиноят оқибатида етказилган 225,1 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 691 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Тошкент шаҳар судларининг биринчи босқичида 43 нафар шахсга нисбатан 17 жиноят иши бўйича оқлов ҳукми (ажрими) чиқарилган. 

Барча инстанцияларда жами 81 нафар шахс оқланган. 2017-2023 йил 6 ойи давомида барча инстанцияларда 882 нафар шахс оқланган.

Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судига 42 мингга яқин даъво ариза келиб тушган. Кўриб чиқилган ишларнинг 32 минг 525 таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган. 

Хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 7 мингга яқин иш кўрилиб, улар фойдасига 986,6 миллиард сўм ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.

Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанцияси томонидан 1,1 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилган. Ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан айбдор шахсларга нисбатан 69 таъсир чораси қўлланилган. 

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан қарийб 70 минг иш ҳал қилинган.  Апелляция инстанциясида кўрилган 1,5 мингдан зиёд ишнинг 1 минг 161 таси юзасидан суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилиб, 301 таси бекор қилинган, 77 таси эса ўзгартирилган.

Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақида жами 4 минг фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, уларнинг 45,9 фоизи қаноатлантирилган, 43,1 фоизи бўйича даъво аризаларини қаноатлантириш рад қилинган. 9,5 фоизи кўрмасдан қолдирилган, 1,52 фоиз фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган.

Шу даврда тарафларни ўзаро яраштириш чораларини кўриш ҳолати 54 фоизни ташкил этган. 

Тошкент шаҳар маъмурий судларига 1 минг 743  ариза(шикоят)лар келиб тушган бўлиб, шундан 134 та ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган, 112 ариза ва шикоятлар қайтарилган. 1,5 мингга яқини кўриб чиқилган ва тамомланган. 758 таси қаноатлантирилган, 450 таси рад қилинган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Н.Абдураимова, ЎзА