Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент шаҳар иссиқлик марказларини когенерацион технологияларни жорий этиш орқали модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тўғридан – тўғри инвестициялар ҳисобига (давлат кафолатисиз) Тошкент шаҳар иссиқлик таъминоти марказлари модернизация қилинади.
Иссиқлик таъминоти тизимида когенерация қурилмаларини жорий этиш орқали ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш ҳамда шаҳар аҳолисини ишончли иссиқлик ва электр энергияси билан узлуксиз таъминаш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу лойиҳани амалга ошириш учун бир қатор хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилмоқда.
Қарорда белгиланишича, махсус ишчи гуруҳи лойиҳанинг амалга оширилишини жадаллаштириш мақсадида бир ой муддатда инвесторлар билан музокаралар ўтказиб, лойиҳанинг якуний параметрларига аниқлик киритади ва техник-технологик, молиявий-иқтисодий нуқтаи назардан энг мақбул ечимни ишлаб чиқади.
2022 йил 1 сентябргача лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик битими ва давлат томонидан қўллаб-қуввалаш тўғрисида битим имзоланиши, 2022 йил 10 сентябрга қадар эса лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши кўзда татилган.
ЎзА