Тошкент шаҳар ҳокимлигида "Очиқ эшиклар куни"
Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳокимлик фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва фуқаролар билан самарали мулоқотни кучайтириш мақсадида "Очиқ эшиклар куни" бўлиб ўтди.
Маълумки, коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган энг глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Тадбир давомида ҳокимлик масъул ходими Шуҳрат Турдиқулов коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш борасида қилинган чора-тадбирлар хусусида маълумот берди.

Шунингдек, тадбирда "Open Data Tashkent" платформаси ва ҳокимлик веб-сайтида аҳоли учун яратилган янги хизматлар ҳақида маълумотлар берилди.

Иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутасаддилар очиқ ва батафсил жавоб қайтарди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА