Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқоти ҳамда видеоселектор йиғилишларидаги топшириқлари ижроси юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва мутасадди раҳбарлар пойтахтимиздаги 95 та ОТМ ректорлари билан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда талабаларни меҳнат бозорига тайёрлаш, битирувчилар бандлигини таъминлаш ва муносиб даромадли иш ўринларига йўналтириш бўйича муаммолар таҳлил қилиниб, тизимли чора-тадбирлар белгиланди.
Қайд этилганидек, эндиликда ОТМлардаги спорт тўгараклари ва моддий-техника база хатловдан ўтказилади.
Спорт билан мунтазам шуғулланаётган талабалар маълумотлари рақамлаштирилиб, реестр шакллантирилади. Шу билан бирга, Президент олимпиадаси ва нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиши мумкин бўлган салоҳиятли спортчи талабалар бўйича маълумотлар жамлаб борилади.
“Келажакка қадам” марказлари доирасида банклар битирувчилар лойиҳалари ва бизнес-режаларини манзилли кўриб чиқади, молиялаштириш бўйича аниқ таклифлар беради.
Ёшлар ишлари агентлиги қошида ташкил этиладиган штаб орқали стартаплар ҳар пайшанба раҳбарлар иштирокида эшитилиб, амалиётга татбиқ этиш ва қўллаб-қувватлаш механизмлари кучайтирилади.
Шунингдек, битирувчиларнинг ишга жойлашиши ва бозор талабларига мослиги асосида ОТМлар рейтинги шакллантирилиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда таҳлилий марказ тузилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА