Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, пойтахтдаги секторлар, ободонлаштириш корхоналари, маиший хизмат кўрсатиш, идора ва бошқармалар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Чилонзор туманидаги Кўтарма маҳалласида бўлди.
Ташриф давомида мазкур маҳаллани «қизил тоифа»дан чиқаришга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича йўл харитаси тақдим этилди.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов аҳоли учун муносиб яшаш ва дам олиш учун шароит яратиш, «Автомобилсиз ҳовли» концепциясини амалга оширишни таъминлаш мақсадида кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиш, аҳоли ўртасида ишсизлик даражасини пасайтириш зарурлигини таъкидлади.
Аҳоли зич жойлашган туман ва маҳаллада кўп қаватли турар-жой мажмуалари кўплиги, тезкор хизматларнинг кириши имкони чеклангани, болалар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш масаласи бошқа жойлардан кўра кескинроқ эканлиги айтилди.
Ҳар бир маҳаллада жалб қилувчи нуқта, озиқ-овқатлар ва сут маҳсулотлари бозорчаси, болалар учун ўйингоҳлар, оталар чойхонаси, воркаут майдончаси, соғлом турмуш тарзи учун велойўлаклар ва югуриш йўлаклари каби қулайликлар бўлиши, йўлларнинг равон ва хавфсизлиги таъминланиши, ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг профилактикаси изчил ташкил этилиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига тизимли ёрдам ташкил қилиниб, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш зарурати, шу жиҳатдан, аҳолининг тадбиркорлигини ривожлантиришда банкларнинг ўрни катта экани қайд этилди. Бундан ташқари, ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг сони ва рўйхатдан ўтганини назоратга олиш топшириғи берилди, дейилади хабарда.
Ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида кўчабоши, уйбоши, йўлакбоши каби ходимларни жалб қилиш, ишини самарали ташкил қилган ходимларни рағбатлантиришда KPI тизимини жорий қилиш режа қилинмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА