Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳар адлия бошқармаси даъвоси билан фуқарога 2 млрд сўмдан ортиқ компенсация тўланди
10:02 / 2022-08-22

Бош Қомусимизнинг 53-моддасига асосан бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Минг афсуслар бўлсинки, масъуллар томонидан баъзи ҳолларда фуқароларнинг мулк ҳуқуқларининг бузилиши ҳамон давом этмоқда

Жумладан, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан фуқаро Ш.Т.нинг ўзига тегишли бино давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганлиги натижасида компенсация тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб ёзган шикояти кўриб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаро Ш.Т.нинг Яшнобод тумани, хусусий корхонасига тегишли бўлган бино Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорларига асосан бузилган.

“БИЗНEС МУСТАҚИЛ БАҲО” МЧЖнинг 2021 йил 3 августдаги ҳамда 6 августдаги эксперт хулосаларига кўра, савдо дўкони 2 млрд. дан ортиқ сўмга баҳоланган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Қурилиш-техникавий тадқиқотлар юзасидан мутахассис фикрига кўра, Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида жойлашган савдо дўконлари юзасидан “БИЗНEС МУСТАҚИЛ БАҲО” МЧЖнинг томонидан берилган 2021-йил 3-августдаги баҳолаш ҳисоботларида қўлланилган сарф-харажат ва таққослаш услублари илмий асосланганлиги ва мулкни баҳолашнинг миллий стандартларига ва Ўзбекистон Республикаси меъёрий ҳужжатларига мос келиши тўғрисида хулоса берилган.

Фуқаро Ш.Т. мазкур масалада бир неча маротаба тегишли ташкилотларга мурожаат этишига қарамай, тўланиши керак бўлган зарар суммаси, яъни 2 млрд. дан ортиқ сўм тўлаб берилмаган.

Ер кодексининг 39-моддасида ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори ер участкаси олиб қўйилган тақдирда унга етказилган зарарнинг (шу жумладан бой берилган фойданинг) қопланишини ёки ер участкасидан ихтиёрий равишда воз кечилганида сарфланган харажатларнинг тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Шунингдек, Ер кодексининг 41-моддасига мувофиқ, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши керак.

Қўшимча сифатида, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга биноан, ҳудудий Кузатув кенгаши ишчи органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушгандан сўнг икки иш куни мобайнида етказилган зарарни қоплашга маблағ ажратиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдимнома киритиши белгиланган.

Шунга кўра, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан фуқаро Ш.Т.га етказилган зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво ариза киритилди ва суднинг 2022 йл 15 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Муниципал активларни бошқариш марказидан фуқаро Ш.Т.га етказилган 2 млрд. дан ортиқ сўм компенсацияни ундириш белгиланди.

Шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида мазкур суд қарорига асосан давлат фойдасига жавобгарлардан 82 млн. сўм давлат божи ундирилди.

Шерзод Шарипов,

Тошкент шаҳар адлия

бошқармаси масъул ходими

ЎзА