Тошкент шаҳридаги мактабларда 14 сентябрдан янги ўқув йили бошланади
Сўнгги кунларда юртимиз фуқароларини ўйлантираётган энг жиддий масала мактабларда навбатдаги ўқув йили қачон бошланиши ва унинг шакли қандай бўлишидир.
Сўнгги кунларда юртимиз фуқароларини ўйлантираётган энг жиддий масала мактабларда навбатдаги ўқув йили қачон бошланиши ва унинг шакли қандай бўлишидир. Токи биз танлаган ўқитиш усули фарзандларимиз учун хавфсиз, ишончли бўлсин.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси айни долзарб масалага бағишланди. Йиғилишда пойтахтимиздаги умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич тиклаш, пандемия шароитида таълим беришни санитария-эпидемиология талаблари асосида сифатли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи А. Мамажоновнинг пандемия шароитида умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнларини босқичма-босқич тиклаш бўйича ота-оналар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари юзасидан ахбороти тингланди.
Cессияда соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларга эътибор қаратилди. Жумладан, шу кунгача халқ таълими тизими ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик мутлақо йўлга қўйилмаган. Шу сабабли депутатлар Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғига умумий ўрта таълим мактабларида мавжуд бўш ўринлар учун танловлар ўтказиш билан бир қаторда нодавлат таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўқитувчиларни жалб қилиш бўйича меморандумлар тузиш чораларини кўриш вазифасини топширди.
- Бугунги кунда кўплаб мактабларда иссиқ сув йўқлиги катта муаммо. Айниқса, пандемия даврида бундай ҳолатга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, - дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари Тошпўлат Матибаев. - Мактаб раҳбарларига қўлларни мунтазам равишда ювиш жадвалини тузиш, қўл ювиш жойларини ҳозирлаш каби вазифалар юклаш лозим. Бундан ташқари, мактаблар тасарруфидаги ўқув ва маиший биноларга кириб-чиқишда дезинфекция воситаларини жойлаштириш, синфхоналар шароитини ўқувчилар орасида масофа сақланишига мослаб қайта кўриб чиқиш, мактабларда “эрталабки фильтрлар” ва изоляция хоналари ташкил этишни ҳам назарда тутиш шарт.
Cессияда Т. Матибаевнинг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларга қулай шароит яратиш, санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этиш мақсадида иссиқ сув билан тўлиқ таъминлаш юзасидан таклифи халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Бу муаммони ечишда иссиқ сув билан тўлиқ таъминлаш билан боғлиқ маблағлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратилиши инобатга олинди. Шунингдек, Кенгашнинг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси Тошкент шаҳар халқ таълими, молия бош бошқармалари билан биргаликда шаҳардаги мавжуд мактабларга иссиқ сув билан таъминлашда сувни иситиб берувчи замонавий ускуналарни ўрнатиш бўйича смета харажатлари юзасидан таклифлар киритиши белгиланди.
Йиғилишда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, кенг жамоатчилик ҳамда ота-оналарнинг 2020 йил 14 сентябрдан бошлаб барча санитария-эпидемиология талабларини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларида янги 2020/2021 ўқув йилини бошлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.