Тошкент шаҳридаги 1 700 дан зиёд хонадон вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган
Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурининг пойтахтимизда қандай ижро этилаётганлигига бағишланган мутасаддилар, масъул ташкилотлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурининг пойтахтимизда қандай ижро этилаётганлигига бағишланган мутасаддилар, масъул ташкилотлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда таъкидланганидек, дастури доирасида шаҳардаги мутасадди ташкилотлар масъул ходимларидан иборат махсус штаб, туман ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Олиб борилган тизимли ишлар натижасида аниқландики, Тошкент шаҳридаги жами 611 мингта хонадондан 1 746 тасининг вакиллари тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган.
Дастур доирасида тадбиркорлик фаолиятига қизиқиш истагини билдирган фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳри маҳаллаларида миниускуналар кўргазмаси ташкил этилиб, унда турли йўналишдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бўлган 70 га яқин техникалар намойиш этилди. Эндиликда маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорларга маслаҳат, кўмаклар берилади.

Анжуманда маълум қилинишича, Тошкентда йил бошидан буён “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш давомида 3309 нафар тадбиркор ва ҳунармандга 238,3 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Дастур ижроси учун Тошкент шаҳридан оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш масаласида мурожаат этган фуқароларга имтиёзли кредит учун 270,0 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган. Ҳозирда мазкур режанинг 90 фоизи бажарилди. Шунингдек, имтиёзли кредит олиш масаласида мурожаат этганларнинг лойиҳаларини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, мазкур дастурга қўшимча тарзда яна 26,5 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилиши кутилмоқда.
Оилалар тадбиркорликнинг асосан кичик ишлаб чиқариш, қандолатчилик, тикувчилик, гўзаллик салони, сартарошхона, ҳунармандчилик каби фаолият йўналишларига қизиқиш билдирмоқда ва асосий мурожаатлар шу йўналишларда тадбиркорлик фаолияти ташкил этиш бўйича тушмоқда.