French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент, Самарқанд ва Бухорода «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўтказилади
15:07 / 2022-05-13

Халқимизнинг асрий миллий ва диний бағрикенглик хислатлари мустақиллик йилларида ўзини янада яққолроқ намоён этди.

 Улуғ режаларни мақсад қилиб олган кўп миллатли мамлакатимиз бир жон, бир тан бўлиб, Янги Ўзбекистонни, Учинчи Уйғониш даври пойдеворини қуришга киришди.

Миллатлар ва конфессиялараро бағрикенглик юртимиздаги тинчлик ва осойишталик мустаҳкам бўлишига хизмат қилмоқда. Ипак йўли ва бошқа халқаро карвон йўллари чорраҳасида жойлашган мамлакатимиз ҳудудида азал-азалдан турли миллатлар яшаган ва улар турли динларга эътиқод қилган. Ислом дини ва цивилизацияси тарқалиши ҳамда шаклланишидан аввал юртимиз жойлашган ҳудудда Сўғд, Юнон-Бақтрия, Турк ҳоқонлиги, Хоразм маданиятлари ва цивилизациялари, тангричилик, зороастризм, буддавийлик, монийлик ва бошқа диний эътиқодлар мавжуд бўлган. Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, турли диний эътиқодли ва турли тилда сўзлашувчи халқлар орасида миллий ёки диний асосда тўқнашувлар бўлмаган.

Ўзбек – бағрикенг халқ. Айнан бизнинг юртимизда миллий ва диний озчиликларнинг ҳуқуқлари ва мавжуд муаммоларини бартараф қилиш йўллари мавзусида халқаро анжуман ўтказилаётгани сабаби ҳам юртимиз ва халқимизнинг ўрнак бўларли бағрикенглик анъаналаридадир. Бағрикенглик, яъни ўзга динларга эътиқод қилувчиларга хайрихоҳлик билан қараш, эҳтиёж туғилганда ёрдам қўлини чўзиш ҳолатларини табаррук ислом динимиз тарихида ҳам кўришимиз мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида мусулмонлар таъқиб қилинган пайтида улар биринчи бошпанани, биринчи ёрдамни, айнан христиан динига эътиқод қилувчи Эфиопия подшоҳи Нажжоший ҳузурида паноҳ топганларини мусулмонлар ҳеч қачон эсларидан чиқармайдилар. Яна бир мисол, милодий 637 йилда халифа Умар ибн Хаттоб биринчи марта Қуддусга келганларида патриарх Софронийнинг ўзи уни кутиб олиб, ҳамроҳлик қилади. 

Ибодат соати келгач, патриарх Умар ибн Хаттобга черковда ибодат қилишни таклиф қилади. Бу таклифга жавобан Умар ибн Хаттоб: “Йўқ, мен агар черковда ибодат қиладиган бўлсам, вақти келиб мусулмонлар бу черковни масжидга айлантириб қўйишади” – деб, черковдан ташқарида намоз ўқиган. Бугунги кунда ўша жойда “Умар ибн Хаттоб масжиди” жойлашган. 638 йилда Қуддуси шариф олингандан кейин мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар орасида биринчи халқаро шартнома тузилади. “Умар ибн Хаттоб битими” деб аталадиган ушбу тарихий ҳужжат мусулмон бўлмаганларнинг ибодатхоналарини дахлсиз деб эълон қилади. Қуръони каримнинг “Мумтаҳана” сурасида (60/8) шундай дейилади: “Дин тўғрида сизлар билан урушмаган ва сизларни диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик қилишдан ва адолатли бўлишдан Аллоҳ сизларни қайтармайди. Аллоҳ адолат қилувчиларни, албатта, яхши кўради”. 

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Инсоният тарихида диний ва миллий асосда, афсуски, қон билан ёзилган саҳифалар бор: XI-XV асрлардаги салиб юришлари, 1572 йилнинг августида Францияда протестантларнинг католиклар томонидан қирғин қилиниши, XVI-XVII асрларда Европада юз берган “Диний урушлар”, Иккинчи жаҳон уруши арафасидаги “Холакост” қирғини, ХХ асрнинг 70-йилларига қадар учраб турган ирқчилик ҳолатлари инсоният тарихидаги қонли ва аянчли саҳифалар бўлиб қолади. Тарих ирқий, миллий, диний ва лисоний камситишларнинг қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини бир неча марта кўрсатди.

Афсуски, ХХ асрнинг ниҳояси ва XXI асрнинг ибтидосидаги айрим воқеалар ниятлари бузуқ баъзи тоифалар ўз манфаатлари йўлида диний ва миллий мавзулардан фойдаланишга ҳамон уриниб кўриш ниятидан қайтмаганларини намойиш қилди. Ироқ, Сурия, Яман, Жануби-Шарқий Осиё ва яна бошқа бир неча ҳудудларда миллий ва диний тоқатсизлик асосида инсон ҳуқуқларига риоя қилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Тарих, айни пайтда, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш инсон мажбуриятлари ва масъулиятларига рахна солиш ҳисобига амалга оширилиши хатарли эканини кўрсатди. 

Масалан, диний етакчилар ва рамзлар устидан кулиш эътиқодий туйғуларнинг камситилишига олиб келиши ва, мос равишда, оммавий норозиликларга, ҳатто жиноятларга олиб келиши мумкинлигига инсоният ишонч ҳосил қилди. Ҳозирги мураккаб шароитда миллий, диний ва лисоний бағрикенгликни сақлаш, цивилизациялар адоватини эмас, мулоқотини, ҳамкорлигини йўлга қўйиш ўта муҳимдир. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек, қатор инсон ҳуқуқларига дахлдор халқаро ташкилотлар даражасида кенг кўламда фаолият олиб борилмоқда. Айни пайтда, мавжуд шарт-шароит миллий ва диний озчиликлар ҳуқуқларини таъминлашдек ўта муҳим мавзуда турли мамлакатлар ва халқлар томонидан жамланган тажриба, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари тўғрисида фикр алмашишни тақозо қилмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасида, жумладан, инсон ҳуқуқларини тўла таъминлаш, миллий ва диний озчиликнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, эътиқодий эҳтиёжларини таъминлаш йўлида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, миллий ва диний бағрикенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, яъни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун” янада либераллаштирилди. Диний ташкилотларни тузиш шартларидаги қатор бюрократик тўсиқлар бартараф қилинди. Масжидлар билан бир вақтнинг ўзида эҳромлар ва черковлар, мадрасалар билан бир вақтда семинариялар, ҳаж ва умра зиёратлари билан тенг равишда христианлик ва яҳудийликнинг табаррук жойлари зиёратларини амалга ошириш учун барча шароит муҳайё қилинган.

Ўзбек тилидаги таълим муассасалари билан бир вақтда қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик тилларида мактаблар ишлаб турибди, мос равишда дарсликлар ва адабиётлар чоп этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси ҳам ўрнак бўларли эканини кўрсатиб турибди.

Шу кунларда Тошкент, Самарқанд ва Бухорода «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўтказилади. Унда кўп миллатли жамиятларда миллатлараро ва конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш соҳасида эришилган натижалар юзасидан илмий-амалий семинарлар ўтказилади. Тадбир давомида мамлакатимизнинг диншунос олимлари, амалиётчи мутахассислари ва дин арбоблари томонидан миллатлар, динлар ва лисоний соҳада самарали мулоқот ўрнатиш воситасида жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришга муҳим ҳисса қўшиш мумкинлиги соҳасидаги Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардаги тажриба намойиш этилади. “Декларациялар мулоқоти” ва форум натижалари бўйича имзоланиши кутилаётган “Бухоро декларацияси” Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларига амалда содиқлигининг исбот-далили бўлишига ишонамиз.   

Ш.МИНОВАРОВ,   

Ислом цивилизацияси маркази директори.

ЎзА