Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида «Тошкент қувончлари» анъанавий IX Халқаро болалар расмлари биенналеси бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нуриддинов мамлакатимизда болалар ижодиётига оид лойиҳалар қамрови тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади.
2022 йил Президентимиз томонидан «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилинди. Мазкур йилда ўтказилаётган халқаро болалар расмлари биенналеси наинки мамлакатимиз, балки хорижий давлатларнинг ёш рассомлари учун ҳам ўзига хос байрамга айланди, десак муболаға бўлмайди. Болалар чизган расмлар шуниси билан қадрлики, улар дунёни қандай идрок этсалар, шундайлигича тасвирлайдилар.
Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – ўғил-қизларнинг тасвирий санъатга бўлган қизиқишини тобора кучайтириш, иқтидор эгаларини аниқлаш ва уларни рағбатлантиришдан иборатдир.
[gallery-10012]
Биеннале доирасида ўтказиладиган танловга юборилган ижодий ишлар 5 ёшдан 7 ёшгача, 8 ёшдан 12 ёшгача, 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган тоифада аниқланади.
Биенналеда бу йил 15 га яқин хорижий давлатдан ёш ижодкорлар қатнашмоқда. Россия, Таиланд, Франция, Озарбайжон, Ҳиндистон, Малайзия, Италия, Беларус каби мамлакатлардан тули мавзулардаги расмлар ушбу танловга тақдим этилган. Шу билан бирга Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан ҳам юборилган ишлар анча салмоқлидир.
Бу йилги танловда болаларнинг 2500 га яқин ижодий иши намойиш этилмоқда. Уларнинг икки мингга яқини ўзбекистонлик болалар чизган расмлардир.
Биеннале 23 декабрга қадар давом этади. Ғолиблар Гран-при, 7 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза медаллар, эсдалик тангалари билан тақдирланади, барча иштирокчиларга сертификатлар тақдим этилади.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА