Мажбурий ижро бюронинг М.Улуғбек туман бўлимига, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро ДСИнинг қарорларига асосан, қарздор “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖдан ундирувчи ДСИ фойдасига 11 млрд. 680 млн. 702 минг 771 сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги қарори келиб тушди.
Юқоридаги ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 25–моддасига кўра, Бюронинг М.Улуғбек туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, мазкур ижро ҳужжатлари амалдаги Қонуннинг 251–моддасига асосан бирлаштирилган.
Бундан ташқари қарздорга тегишли мол-мулкларни аниқлаш ва ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 87-моддаси талабларига мувофиқ сўровномалар юборилган. Қарздор қарзини тўламаганлиги сабабли жорий йил 28 апрель куни ДСИ ходимлари ва холислар иштирокида қарздор манзилига чиқилиб ҳар бири 1 млрд. 275 млн. сўмга баҳоланган 10 та пахта териш учун мўлжалланган янги автотехникалари аниқланган.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздор “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖнинг номида мулкий ҳуқуқ асосида расмийлаштирилган ушбу техникаларни қарздорликни ундириш мақсадида холислар иштирокида хатланиб банд солинди.
Вақтинча сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 233-моддаси билан огоҳлантирилиб, “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖнинг ходимига ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиб топширилди. Мазкур қарздорлик тўланмаган тақдирда автотехникалар баҳоланиб, Аукцион орқали сотилиб, сотувдан тушган пул маблағлари давлат фойдасига ўтказилиши ҳақида ҳам огоҳлантирилган.
ЎзА