English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент музейи — қадим кент ўтмишини намоён этувчи замонавий маскан (+видео)
15:20 / 2023-09-26

Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Тошкент 2200 йиллик тарихга эга, кўп асрлар давомида илм-фан, маданият, санъат ва таълимнинг энг йирик марказларидан бири бўлиб келган.

Бугун пойтахтимиз ривожланиб, Марказий Осиёдаги энг муҳим ва кўркам мегаполислардан бирига айланмоқда. Тошкент шаҳрида турли йўналишлардаги кўплаб музейлар фаолият олиб боради. Аммо яқин йилларгача Тошкентнинг тарихи, ўтмиши ва бугунига бағишланган алоҳида музей мавжуд эмас эди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Адиблар хиёбони”га ташрифидан сўнг, бу ерда Тошкент музейини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Айни пайтда Тошкент музейи “Адиблар хиёбони”га ёндош ҳудудда, бир пайтлар маданият ва санъат кўргазма зали бўлган бинода жойлашган. 

Тошкент музейи фаолияти ва ундаги экспозициялар билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу маданият масканига ташриф буюрдик. 

  • Ўтмишни ўрганиш узоқ давом этувчи жараён ҳисобланади, — дейди Тошкент тарихи музейи бўлим мудири Раъно Ҳотамова. — Албатта, бу жараён илмий манбалар, археологик топилмалар билан бойитиб борилади. Ёшларни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда музейлар муҳим ўрин тутади. Халқимиз музейларга тарихни ўрганиш ва билиш учун ташриф буюради. 

Тошкент музейи ҳам Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Тошкент шаҳри, воҳаси — қадимги Чоч, Шош ҳақида маълумот берувчи объект ҳисобланади. Музейда Тошкентнинг 2200 йиллик тарихи қамраб олинган. Тошкентнинг манзилгоҳларидан тортиб, ҳозирги шаҳар типига киргунга қадар бўлган даврларни ўз ичига олади. 

Тошкент музейи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 18 апрелдаги “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Фанлар академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи филиали сифатида ташкил этилган. 2020 йилда давлатимиз раҳбарининг ўзлари ташриф буюриб, музейни очиб бердилар, — дейди музей масъули. 

Музей бугунги замон талабларига мос ҳолда жиҳозланган, заллари шинам ва кўркам. Электрон таблолар ўрнатилган бўлиб, музейдаги мавжуд буюм ва ашёлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилган. Музей экспозицияларида тошкентликларнинг қадимий ўтмиши, урф-одатлари, қадимий минтақа санъати ва маданияти намуналари намойиш этилган. Бир неча бўлимлардан иборат экспозицияларда қадим кентнинг маданияти, ижтимоий ҳаёти ўз ифодасини топган. 

— Тошкент музейи 9 та бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда Тошкентда тош даври бўлиб, бу даврдаги дастлабки манзилгоҳлар — Кўлбулоқ, Обираҳмат манзилгоҳлари, шунингдек, Хўжакент қоятош суратлари билан танишиш мумкин. Иккинчи бўлим эса сўнгги бронза ва илк темир даври бўлиб, бу даврга оид манзилгоҳлар ва улардан топилган ҳунармандчилик ва уй-рўзғор буюмлари ўрин олган. Бундан ташқари, музейда тарихчи, археологларнинг фаолияти, иш жараёнлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мақсадида алоҳида экспозиция ташкил этилган. У орқали айнан археологик жараёнларни кўз билан кўриб, тасаввур қилишингиз мумкин. 

Кейинги бўлимларимизда эса антик даврда Тошкент, зардуштийлик даври маданияти, ислом дини кириб келгани ва ривожланганига оид ашё ва буюмлар намойишга қўйилган. Шунингдек, кейинги бўлимда Тошкентнинг 12 дарвозаси ҳақида маълумот олиш имконига эга бўласиз. Бу даврда ислом дини ривожланганини кўришимиз мумкин. Кўплаб масжид ва мадрасалар қурилгани намоён этилади, — дейди Раъно Ҳотамова.   

Тошкент азалдан илм-фан ва маданият марказларидан бири сифатида ривожланиб келган. Бу ерда кўплаб дунёга машҳур инсонлар яшаб, ижод қилишган: олимлар, маданият ва санъатнинг кўзга кўринган арбоблари, ёзувчилар, шоирлар, рассомлар қадим кентнинг тарихида алоҳида ўринга эга.

  • Биламизки, Тошкент узоқ тарихни босиб ўтган. Ижтимоий, иқтисодий, илм-фан маркази сифатида ривожланган. Буни Тошкент ҳудудида яшаб, ижод қилган алломаларимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, Қаффол Шоший, Зангиота, Шайх Хованди Тоҳир кабилар шу ерда яшаб, ислом оламига катта ҳисса қўшган. Тошкент шаҳри 2007 йилда ЮНЕСКО томонидан Ислом маданияти маркази сифатида эътироф этилишида ҳам ушбу алломаларимизнинг ўрни беқиёс. Саккизинчи бўлимда тошкентлик алломалар ҳақида маълумотлар ва суратлар ўрин олган. 

Маълумки, Тошкент қадимдан миллий ҳунармандчилик турлари ривожланган ҳудуд ҳисобланади. Алоҳида ҳунармандчилик марказлари, маҳаллалар мавжуд бўлган. Музейда Тошкент ҳунармандчилиги алоҳида бўлимда кенг намойиш этилган.   

  • Тошкент тарихида алоҳида ҳунармандчилик маҳаллалари мавжуд бўлган, — дейди суҳбатдошимиз. — Бу эса ҳудудда барча ҳунармандчилик турлари ривожланганини кўрсатади. Ҳунармандчиликка бағишланган алоҳида бўлимда айнан Тошкент ҳудудида кенг тарқалган заргарлик, мискарлик, ипакдўзлик, зардўзлик каби ҳунармандчилик намуналари ўрин олган. Умуман, музейимизда 3 мингдан ортиқ экспонат мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси Ўзбекистон тарихи давлат музейи фондидаги айнан Тошкентга оид бўлган экспонатлар билан тўлдирилган. 

Тошкент музейи нафақат тарихий ашёвий далиллар ва экспонатларни намойиш қилади, балки шаҳар тарихини ўрганиш ва тадқиқ этишга қаратилган илмий марказ сифатида ҳам аҳамиятлидир. 

Тошкент музейини ривожлантиришда унинг фондини янги экспонатлар билан тўлдириш муҳим. Бу борада пойтахт аҳолиси ҳам фаоллик кўрсатиши лозим. Яъни, хонадонларда сақланаётган, ота-боболардан мерос қадимий ашё ва буюмларни музейга тақдим этишса, янги музей фонди бойитилишига хизмат қилади. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/n8T-gj77Jiw" title="Тошкент музейи — қадим кент ўтмишини намоён этувчи замонавий маскан" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА