Пойтахтимизда “Тошкент классик мусиқа фестивали” (“Classical music fest in Tashkent”) бошланди.
Мазкур йирик мусиқий лойиҳа Европанинг маданиятни қўллаб-қувватлаш фонди, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
3 октябрга қадар давом этадиган ушбу мусиқа фестивали мамлакатимиз маданий ҳаётида янги ташаббус бўлиб, унда жаҳонда ном қозонган ўзбекистонлик мусиқачи Беҳзод Абдураимов, шунингдек, Станислав Юденич, Максим Венгеров, Марк Бушков, Еквон Сунву каби дунёга машҳур мусиқачилар қатнашади.

–Бугунги глобаллашув даврида ўзбек мусиқасини тобора кўпроқ тарғиб этиш, шунингдек, юртимизда жаҳон классик мусиқасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш, хориждаги таниқли ижрочиларнинг ижодидан мамлакатимиз санъат ихлосмандларини баҳраманд этиш ушбу фестивалнинг асосий мақсади, – деди Ўзбекистон давлат филармонияси бош директори Анвар Тожибоев. – Ушбу фестиваль санъатнинг ҳақиқий ихлосмандлари, айниқса, ёшлар учун катта аҳамият касб этади.
–Фестиваль доирасидаги концертлар ёшларимиз учун ўзига хос маҳорат дарси бўлиши шубҳасиз, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон миллий симфоник оркестри бош дирижёри Алибек Кабдураҳманов. – Биз мазкур фестивалга узоқ тайёргарлик кўрдик. Уни юксак савияда ва баланд руҳда ўтказишимизга астойдил ишонаман.
Фестивалнинг илк концерти “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида АҚШнинг Парк университети Халқаро мусиқа маркази резидент ижрочиси Беҳзод Абдураимовнинг Ўзбекистон миллий симфоник оркестри билан ҳамкорликдаги катта концерти билан бошланди.
Ноталарнинг гоҳ маҳзун, гоҳи жўшқин оҳанги томошабинларни сеҳрлаб қўйгани, завқлантиргани, ҳайратлантиргани аниқ. Мусиқий дастур давомида Сулаймон Юдаковнинг “Хоразмча байрам тантанаси”, Ойдин Абдуллаеванинг “Бағишлов”, шунингдек, Сергей Рахманинов ҳамда Алексей Шорнинг оркестр ва фортепиано учун яратилган бетакрор асарлари ижро этилди. Концерт санъат ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири