English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент мода ҳафталиги – кузнинг ўзига хос ҳодисаси
19:29 / 2019-10-28

Гўзаллик ва нафосатга ташна қалблар учун куз фаслининг бетакрор зийнати, ажиб таровати бор.


Гўзаллик ва нафосатга ташна қалблар учун куз фаслининг бетакрор зийнати, ажиб таровати бор. Айниқса, яратувчанликка иштиёқманд истеъдодларга бу фасл зўр илҳом ва ижодий янгиланиш, руҳан юксалиш бахш этади. Шу боис, мамлакатимизда ҳар йили куз фаслида Тошкент мода ҳафталиги ўтказилиши яхши анъанага айланмоқда. Бу йил ҳам 19-24 ноябрь ўтказиладиган мода ҳафталиги намойишлари кўпчилик учун унутилмас ва жозибали лаҳзаларни туҳфа этиши шубҳасиз.

Тадбирнинг асосий ташкилотчиси “Осиё рамзи“ дизайнерлар уюшмаси саналади. Ҳафталикда бир қатор давлатлардан таниқли мутахассислар, етакчи дизайнер ва экспертлар, меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Мода ҳафталиги доирасида миллий либослар фестивали, ёш дизайнерлар танлови, маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг муаллифлик намойишлари, маҳорат дарслари, ўзбек матолари ва анъанавий либослар кўргазмаси ўтказилиши кўзда тутилган.

“Осиё рамзи“ дизайнерлар уюшмаси раиси Холида Комилова ҳафталикни ўтказишнинг устувор йўналишлари ҳақида гапириб берди.

– Тошкент мода ҳафталиги замонавий либослар оламида ўзбек мода брендини тарғиб қилиш, рағбатлантириш, ёш дизайнерларимизга ўз коллекцияларини намойиш этиш имконини бериш билан ҳам аҳамиятлидир, – деди Х.Комилова. – Шу маънода ҳафталик тадбирлари дизайнерларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, янги номларни кашф этишга, ёш дизайнерлар учун кенг истиқболларни очишга хизмат қилади.

Тошкент мода ҳафталиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида Италия, Франция, Буюк Британия, Россия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ўтказилади.