Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент метроси 103 километргача кенгаятирилади
17:51 / 2025-12-05

Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ошириш ва тирбандликларни камайтиришга қаратилган йирик ислоҳотлар амалга оширилади.

Президентнинг жорий йил 4 декабрдаги “Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, пойтахт транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.

Қарорга кўра, келгуси йилларда қуйидаги устувор вазифалар бажарилади. Аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 60 фоизга етказилади. Автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги 18 км/соатдан 24 км/соатгача оширилади. 150 минг ўринли автотураргоҳлар барпо этилади. Метрополитен тармоғи узунлиги 103 километрга етказилади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил этилмоқда. Марказнинг асосий вазифалари қаторига транспорт, йўловчи ва пиёдалар оқимларини замонавий рақамли ва “яшил” технологиялар орқали узлуксиз мониторинг қилиш, пойтахтнинг транспорт мастер режасини ишлаб чиқиш, йўллар кесишмаларида кўп қаватли автотураргоҳлар барпо этиш киради.

Тошкент транспорт тизими интеллектуал бошқарувга ўтказилмоқда. Янгиланган тизим видеокузатув қурилмалари ва сенсорлар орқали транспорт ҳамда пиёда оқимларини кузатиб боради, светофорларни автоматик тарзда мослаштириб, жамоат транспорти ҳаракатининг устуворлигини таъминлайди. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси хавфи юқори бўлган нуқталар аниқланиб, улар юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.

Мазкур чора-тадбирлар Тошкентнинг транспорт инфратузилмасини замонавий талаблар даражасига кўтариш ва аҳоли учун қулай ҳаракатланиш шароитини яратишга қаратилган.

Ш. Маматуропова, ЎзА