Миландаги “Grace” халқаро студияси асосчиси билан суҳбат
Бирлашган Араб Амирликлари Шаржа шаҳрида навбатдаги йирик халқаро кўргазма – “Беқарор гўзаллик: мослашувчан меъморчилик” мавзусида триеннале юқори руҳда, минглаб томошабинлар иштирокида ўтмоқда.
Анжуманда “Тошкент: модернизмни ўзлаштириш” лойиҳаси билан томошабинлар кўнглидан жой эгаллаётган Ўзбекистон миллий павильонида пойтахтнинг уч тарихий иншооти намойиш қилиняпти.
“Тошкент модернизми XX-XXI асрлар” номли тадқиқот лойиҳасининг бир қисми – Шаржадаги Ўзбекистон кўргазмаси Миланда жойлашган архитектура, урбанизм, дизайн ва тадқиқот халқаро студияси – “Grace” асосчиси, лойиҳамиз координатори Екатерина Головатюк томонидан мувофиқлаштирилган.
Истеъдодли мутахассис ЎзА мухбирига берган интервьюсида Шаржадаги тақдимот Тошкент меъморчилик модернизми намойиши йўлидаги кенг миқёсли миссиянинг муҳим таркибий қисми эканини алоҳида қайд этди. У павильонимизга ташриф буюрувчилар шаҳримизнинг ижтимоий, маданий ва меъморий тарихини ўрганиб, иншоотлар мероси, муҳофазаси хусусида қизиқарли маълумот олиши мумкинлигини эслатди.
– Шаржа кўргазмаси ҳар бир мамлакат ижтимоий-маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Масалан, триеннале халқаро аудитория учун Ўзбекистон меросини жуда қизиқарли тарзда очиб бериш имконини бермоқда. Павильонимиздаги намойиш “Grace” студияси ҳамда тадқиқотчи, тарихчи ва архитекторлар билан ҳамкорликда бажарилган йирик тадқиқотни талқин қилади. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан амалга оширилган мазкур лойиҳа кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётгани бизни янада қувонтирмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида модернизм давридаги жуда кўп иморатлар, яъни Тошкентда 1960-1980 йиллар оралиғида барпо этилган иншоотларни кўриб чиқдик. Амин бўлдимки, ўша давр меъморчилик гуллаган пайт бўлган экан. Тошкент шаҳри архитектураси анча мураккаб тарихни бошдан кечиргандек. Шу боис бугун ҳар биримиз санъат асари, дея эътироф этиладиган бундай тарихни асраб-авайлаш кераклигини тушунишимиз керак.
Тошкентда бўлиб ўтган меъморчилик модернизмига оид кўргазма, конференцияларда халқаро аудитория ва маҳаллий аҳолига пойтахтимиз меъморчилиги нимаси билан қизиқлиги, нима учун асраб-авайланиши кераклигини кўрсатишга харакат қилдик. Бундан ташқари шаҳарнинг қадимий кўринишини қандай қилиб сақлаб қолиш мумкинлиги бўйича мунозара уюштирдик. Бу жараённи халқаро ҳамжамият олдида ҳам давом эттириш лозим.
Машхур маданий-меъморий йўналишда фаолият юритадиган “waiwai” бюроси меъмори ва ҳаммуассиси, лойиҳа координатори Воил Ал-Авар томонидан ташкил этилган мазкур кўргазмада уч бино – Ўзбекистон давлат санъат музейи, “Самарқанд” чойхонаси ва “Зарафшон” ресторани мамлакат мустақилликка эришгандан кейин меъморчилик эҳтиёжига қараб ўзгартирилгани акс этган.
Қисқаси, ушбу бинолар тарихнинг муҳим бўлаги. Менга Воил асл нусха ва ҳозирги ҳолатни тенг даражада сақлаб, ўтмиш ва бугундан янги асар намунаси яратгани ёқди.
Халқаро кўргазма доирасида ташкил этилган сессияларда “Дунё меъморчилигида нимани қандай сақлаб қолиш керак?, “Бинони асл ҳолатига қайтариш, умуман, керакми ёки ўзгариш ҳам меъморчилик тарихининг муҳим қисмини акс эттирадими?” каби саволлар жавоб изланди. Хулоса шуки, бугунги маданий-маърифий олам тараққий этаётган замонда халқаро ҳамкорлик, бирлашув жуда зарур.
<iframe width="866" height="487" src="https://www.youtube.com/embed/_u6FRNA40D4" title="Тошкент меъморчилик меросини қандай сақлаб қолиш мумкин?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Ўйлашимча, Тошкент меросини асраб-авайлаш, шунингдек, ХХ аср меросини сақлашга ёндашув борасида кўпроқ глобал форумлар, анжуманлар уюштириш керак. Меросни сақлашда маданий институтлар роли муҳокама қилинадиган конференцияларда хамкорликда кенг кўламли ишлар амалга оширишга келишиб олиш имкони пайдо бўлади. Шаржа кўргазмаси ҳам қандайдир деталлар ва фарқли элементлар призмаси орқали жуда муҳим мавзуни очиб беряпти. Шу боис бундай тадбирларни тез-тез ташкил этиш, маданий меросимизни сақлаш тўғрисидаги фикр, таклиф ва лойиҳалар устида кўпроқ ишлаш мақсадга мувофиқ.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.
Шавкат Тоҳиров (видео, фото)
Шаржа, БАА