Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент мамлакат чемпионларини аниқлади, Япония эса дунё кучлиларини чорламоқда
16:50 / 2021-10-11

Ҳар томонлама маҳоратли спортчиларни тайёрлашда ички мусобақаларнинг ўрни беқиёс. Жорий йил октябрнинг сўнгги, ноябрнинг илк кунлари мобайнида гимнастика спорт турлари бўйича кунчиқар юртда ўтадиган жаҳон чемпионати бошланишига 10 кунча вақт қолганда пойтахтимизда ёшлар иштирокида Ўзбекистон кубоги баҳслари ўтказилди.

 Тошкентдаги гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мажмуасида спорт гимнастикасининг бир неча йўналишлари бўйича 2004-2005 йилда туғилганлар ва 2003 йил ва ундан катта ёшдаги ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган мамлакат кубоги баҳслари ҳар қачонгидан ҳам шиддатли кечди.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги гимнастика мактабларида тарбияланаётган 50 нафарга яқин спортчи қатнашган баҳсларда Бухоро, Фарғона, Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва пойтахт гимнастикачилари совринли ўринларни эгаллашди.

Ўзбекистон гимнастика федерацияси матбуот котиби Юлия Радимцеванинг маълумотига кўра, ўз йўналишларида ўғил болалардан Ҳабибулло Эргашев, Хумоюн Исломов, Ўткирбек Жўраев, Абдулазиз Мирвалиев, Расулжон Абдураҳимов каби ёшлар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, қизлар ўртасидаги баҳсларда Гулноз Жумабекова, Анастасия Мирошнеченко, Дилдора Орипова, Оминахон Халилова, Лобар Амируллаева, Одина Робиджонова кабилар 1-ўринларни қўлга киритишди.    

Мазкур кубок баҳслари ҳамда жорий йил май ойида ўтган Ўзбекистон чемпионати якунларига биноан спорт гимнастикаси бўйича мамлакат терма жамоаси шакллантирилади.  

Жорий йил якунларига қадар мамлакатимиз спорт гимнастикачилари Бангладешда ўтадиган минтақавий қитъа чемпионати ва Россиянинг Москва шаҳрида бўладиган “Варонина кубоги”да қатнашиши кутилмоқда.

Яна бир гап. Шу йилнинг 22 октабрь – 3 ноябрь кунлари Япониянинг Китакюшу шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича 50-жаҳон чемпионати, баддий гимнастика бўйича эса 38-жаҳон чемпионати ўтказилади.  

Юртимиз спорт гимнастикачилари маълум бир сабабларга кўра, мазкур нуфузли чемпионатда қатнаша олмаётган бўлса, Лилия Власова мураббийлигидаги баддий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Сабина Ташкенбоева, Тахмина Икромова, Екатерина Фетисова, Мария Пакдан иборат кенгайтирилган таркибда жаҳон чемпионатида қатнашишга ҳозирлик кўрмоқда.

Аммо чемпионат низомига мувофиқ, биринчилик баҳсларида ҳар бир давлатнинг 2 нафар спортчиси иштирокига рухсат берилади. 4 нафар бадиий гимнастикачимиздан айнан кимлар жаҳон чемпионатида қатнашишини мусобақалар олдидан мураббийлар кенгаши ҳал қилади.

Ўзбекистон кубогида ғолибликни қўлга киритган спорт гимнастикачиларини қутлаган ҳолда Япония спорт майдонларида Ватанимиз шаънини ҳимоя қилиш йўлида тайёргарлик кўраётган бадиий гимнастикачиларимизга омад тилаб қоламиз.

 

Т. Рўзиев, ЎзА