“Афғонистон: Хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференция секция йиғилишлари шаклида давом этмоқда.
Тадбирлар давомида Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тиклаш, афғон халқининг ҳозирги ва келгуси авлодлари учун узоқ кутилган тинч ҳаётни таъминлашга қаратилган инфратузилмавий ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш масаласи кўриб чиқиляпти.

“Гуманитар тараққиёт – Афғонистоннинг тинч келажагига йўл” ва “Иқтисодиётнинг тикланиши – Афғонистонда мустаҳкам тинчлик асоси” мавзуларидаги давра суҳбати чоғида “Тошкент - Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоғини шакллантириш, “Гуманитар ёрдам бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби ҳамда Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш-таълим маркази фаолиятини йўлга қўйиш бўйича гуманитар ва инфратузилма лойиҳалари тақдимоти ўтказиляпти. Айни мавзулардаги маърузалар қизғин муҳокама, мунозарага айланмоқда.

Мулоқот давомида хорижлик мутахассислар мамлакатмизнинг Марказий Осиёда хавфсизлик, тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш ҳамда Афғонистонни терроризмдан, урушдан холи тинч, фаровон мамлакатга айлантириш йўлида олиб бораётган изчил саъй-ҳаракатини эътироф этишмоқда.

Б.Худойбердиев,
У.Маҳмирзаев,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА