Таълим олиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи. Замон талабига муносиб олий таълимга эга бўлиш эса ёрқин келажак сари дадил қадам бўлади. Шу боис мамлакатимизда ёшларнинг олий таълимга эга бўлиши учун имкониятларни кенгайтиришга, олий таълим муассасаларида қабул квоталарини босқичма-босқич оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Олий таълим муассасаларида талабалар сонининг йилдан-йилга кўпайиши ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий қилиш, ходимларни илғор хориж тажрибаси асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш заруриятини кучайтирмоқда. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимини ислоҳ қилиш, сифат даражасини ошириш йўлида устувор вазифа сифатида дунёдаги энг илғор мамлакатлар билан тажриба алмашиш, глобал таълим жараёнларида фаол иштирок этиш кабилар белгилаб берилди. Зеро, ёпиқ шароитларда таълимни ривожлантириб бўлмаслиги кўплаб мамлакатлар тажрибасидан маълум.
2008 йилда ташкил этилган Евросиё олий таълим муассасалари ассоциацияси — EURAS Евросиё минтақасидаги университетлар ва бошқа олий таълим муассасаларини қамраб олган иттифоқдир. EURASга Дания, Швейцария, Россия, Қозоғистон, Латвия, Озарбайжон, Хитой, Хорватия, Миср, Грузия, Ҳиндистон, Италия, Португалия, Жанубий Корея, Испания, Туркия, Буюк Британия, Украина каби жами 47 та давлатдан 131 та олий таълим муассасалари аъзо эди. Тошкент кимё-технология институти Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб Евросиё олий таълим муассасалари ассоциациясига аъзо бўлди ва аъзо давлатлар сони 48 тага, олий таълим муассасалари сони 132 тага етди.
Хўш, EURASнинг ўзи қандай ташкилот? Aъзолик олий таълим муассасаларига қандай устунлик беради? Олий таълим муассасаларининг ходимлари ва талабаларига қандай қулайликлар мавжуд?
Евросиё олий таълим муассасалари ассоциацияси нотижорат халқаро ассоциация бўлиб, бутун Ғарбий ва Марказий Европа, Болқон, Кавказ, Яқин Шарқ ҳамда бутун Осиёдаги 130дан ортиқ университетлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиради ва Евросиё минтақасида таълим стандартларини глобал юксалтириш учун фаолият юритади. Дунё цивилизацияларнинг бешиги бўлган ва бутун дунё аҳолисининг 2/3 қисмига эга бўлган Евросиё минтақаси шу тариқа таълим тараққиёти ва маданий оқимлар бўйича мукаммаллик марказига айланади.
Минтақавий университетлар учун халқаро таълим платформасини қуриш орқали EURAS ўз аъзоларига бутун дунё бўйлаб энг яхши таълим хизматларига кириш эшиги сифатида хизмат қилади. EURAS глобал миқёсда энг юқори ютуқларга эришиш учун кенг кўламли соҳаларда самарали фаолият юритаётган, энг тез ривожланаётган олий таълим ассоциацияларидан бири сифатида олий таълим муассасаларини ўзаро боғлайди. Улар билан мулоқот, ҳамкорлик ва илғор тажриба алмашиш йўлларини излайди. Таълимнинг академик стандартларини такомиллаштириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш, талабалар ва академик ходимларнинг ҳаракатчанлигини рағбатлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, аъзо университетларнинг дунё бўйлаб обрўси ва имижини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг манфаатлари ва ташвишларини ифодалайди.
Таъкидлаш жоизки, таълим сифатини таъминлашда бугунги глобализация жараёнларига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятига интеграция қилиш мамлакатимиз келажаги учун жуда муҳим ҳисобланади. Шундай экан, мамлакатимиз олий таълим муассасасининг Евросиё олий таълим муассасалари ассоциациясига аъзо бўлиши бу маскандаги таълим жараёнининг дунёвий илмий-интеллектуал, бадиий-эстетик ва маънавий-ахлоқий маданият ютуқлари билан бойишига, ўзаро ҳамкорлик алоқалари орқали таълим сифати ошишига замин бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА