French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент халқаро инвестиция форуми – иқтисодий ҳаётимизда улкан воқеа бўлади
18:21 / 2020-02-13

Маълумки, жорий йилнинг 5-6 март кунлари Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади.

photo5316695327039925388.jpgИнвестиция – тараққиёт драйвери​

Маълумки, жорий йилнинг 5-6 март кунлари Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур анжуман хорижий ва миллий компаниялари, инвесторлар, экспертлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат 1 минг 500 дан зиёд иштирокчини бир жойга тўплайдиган эксклюзив тадбирлардан ҳисобланади.

Форум дастурида “бизнес учун очиқлик”, ҳудудий алоқаларни чуқурлаштириш”, Технологик инновацияларни жорий этиш” йўналишларида қатор семинарлар, давра суҳбатлари уюштирилиши кўзда тутилган.

Форумни ўтказишдан мақсад кенг жамоатчилик ва халқаро бизнес олами вакилларини Ўзбекистоннинг молия, саноат, туристик каби иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқиш, мамлакатимизда хорижий компаниялар, инвесторларнинг бизнес олиб бориши учун яратилган шарт-шароитлар билан таништиришдан иборат. Бундан ташқари, иштирокчилар ҳудудлар тараққиёти, рақамли технологиялар, муқобил энергетикадаги сўнгги янгиликлар билан ҳам танишади.

Форумда ҳукумат органлари вакиллари, банк-молия тузилмалари, суғурта компаниялари, корхоналар, агентликлар, уюшмалар раҳбарлари иштирок этади. Унда турли форматдаги мажлислар, мавзуга бағишланган давра суҳбатлари уюштирилади. Ўз ишининг усталари, экспертлар инвестиция соҳасида кечаётган сўнгги тенденцияларни аниқлаб олиш, янги қарорлар ишлаб чиқиш, таклифлар бериш, буларнинг барчаси Тошкент халқаро инвестиция форумида кўзда тутилган.

Қолаверса, иқтисодиёт драйверлари ҳисобланган энергетика, машинасозлик, электр техника, ахборот технологиялари, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, қурилиш соҳалари ҳамда ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кенгайтириш ҳам халқаро форумда кенг муҳокама қилинади.

2019 йил мамлакатимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинган эди. Шу муносабат билан, ўтган йили мамлакат иқтисодиётига инвестиция жалб қилиш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан тўғридан-тўғри жалб қилинган хорижий сармоялар 4,2 миллиард АҚШ долларига етказилди. Бу, 2018 йил билан таққослаганда 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробарга ўсди деганидир.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар иқтисодиётга тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Шунингдек, бу чегара эмаслигини, уни ошириш имкониятлари ҳали кўплигига яна бир далил бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, 2020 йилда марра янада баланд олинди. Яъни, бу йил иқтисодиётга 5,8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш мўлжалланмоқда.

Бу шунчаки ҳаводан олинган эмас, балки ҳукуматимиз томонидан пухта ўйланган, иқтисодиётимизга сармоя жалб қилиш кўлами, имкониятлари ипидан игнасигача ҳисоб-китоб қилинган рақамлардир.

Мамлакатда қулай инвестиция муҳитини шакллантириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, ушбу йўналишда изчил олиб борилаётган давлат сиёсатига инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент халқаро инвестиция форумини юқори савияда ўтказиш юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилди. Айни пайтда дунёнинг етакчи хорижий компаниялари, халқаро молия ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини форумга жалб этиш учун тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Тўғри, айримлар учун Тошкент халқаро инвестиция форуми янгилик эмасдек туюлиши мумкин. Чунки мамлакатимизда бундай йирик форумлар, бизнес анжуманлари, кўргазма ва ярмаркалар кўп ўтказилади. Лекин йўналишлар қамрови, таклиф этилаётан иштирокчилар сони, кўзда тутилган лойиҳалар, муҳокама этиладиган масалалар кўлами билан бу галги тадбир аввалгиларидан бутунлай бошқача бўлади. Чунки мазкур воқеа Ўзбекистонда бошланган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар шиддатли тус олган даврида, жамиятимизда жадал демократик янгиланишлар кечаётган, тадбиркорларга ҳар қачонгидан кўп қулайликлар яратилаётган шароитда юз бермоқда. 

Энг муҳими, юртимиздаги ўзгаришларга дунё ҳамжамиятининг мамлакатимизга бўлган эътибори кучайган бир пайтда мазкур халқаро форум ва Хорижий инвесторлар кенгашининг мажлиси ўтказилиши унинг масъулиятини ҳам, нуфузини ҳам бир неча карра ошириши шубҳасиз.