Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент инвестиция форуми – Ўзбекистоннинг халқаро бизнес ҳамжамиятига интеграциялашуви гарови
23:22 / 2024-05-01

Мамлакатимиз инвестиция салоҳиятини халқаро бизнес ҳамжамиятига яқиндан таништириш, иқтисодий тараққиётга эришиш борасида белгиланган устувор мақсадларни амалга оширишда халқаро даражадаги тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Шу орқали республикамиз иқтисодиётида фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор хорижий инвесторлар, жумладан халқаро молия институтлари, жаҳондаги йирик компания ва корпорацияларни жалб этиш мумкин.

Шу маънода давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили аънанавий тарзда ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форумига ҳам кўплаб хорижий ҳукумат раҳбарлари, жаҳондаги етакчи халқаро молия институтлари ҳамда йирик компаниялар раҳбарлари, бизнес вакиллари, инвесторлар томонидан юксак қизиқиш билдирилаётгани табиий.

Эртага ушбу муҳим иқтисодий, сиёсий анжуман бошланади. Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Жасурбек Отаниёзов ЎзА мухбирига форум ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Маълумки, жаҳон молия ва товар бозоридаги конъюнктуравий тебраниш шароитида халқаро бизнес вакиллари учун барқарор, ишончли молиявий муҳитда фаолият юритиш жуда муҳим. Шу маънода Тошкент халқаро форуми орқали йирик инвесторлар, хорижий ҳамда маҳаллий бизнес вакилларини бир жойга жамлаш асосида манфаатлар кесишадиган нуқталарни топиш, муайян инвестиция лойиҳаларини ўрганиш, ўнлаб йўналишларда рўй бераётган сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш, истиқболли таклифларни қабул қилиш учун қулай замин яратилди. Қолаверса, барқарор ўсиш суръатини намойиш этаётган, хорижий инвесторлар учун қулай инвестиция муҳитига эга ҳамда босқичма-босқич Марказий Осиёнинг ҳақиқий инвестиция марказига айланиб бораётган Ўзбекистоннинг салоҳиятини намоён этиш ҳам долзарб аҳамият касб этади. Бинобарин, тадбир давомида хорижий инвесторлар мамлакатимизда яратилган шарт-шароит, имтиёзлар билан яқиндан танишадилар. Бизда эса истиқболли лойиҳаларга хорижий инвестиция жалб қилиш имкони ошади.

Сўнгги йиллари мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида либераллаштиришга қаратилган қатор ислоҳотлар илгари сурилди. Жумладан, халқаро ҳамжамият билан муносабатни чуқурлаштириш мақсадида кескин ўзгариш қилиниб, тараққиётнинг янги босқичида илгари кузатилмаган фаол, очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат олиб борилмоқда. Шунга мос равишда олис ва яқиндаги барча давлатлар билан узоқ муддатли ва кўп қиррали шериклик кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари фаол амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатимиз нуфузи минтақа ва халқаро миқёсда ошиб, қатор йирик тузилмалардаги ўрни ва овози мустаҳкамланмоқда.

Айни жараёнда мамлакатга хорижий инвестиция жалб қилиш учун қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинди. Жумладан, валюта бозори либераллаштирилди, хорижий инвестор томонидан фойдани репатриация қилиш бўйича барча чекловлар бекор қилинди, қулай фискал тизим яратилди. Хорижий инвестор акциясидан оладиган дивиденд уч йил муддатга фойда солиғидан озод қилинди.

Инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хом ашё ва товарга бож ҳамда 132 лицензия ва рухсат беришга оид ҳужжат бекор қилинди, 33 ҳужжат бўйича хабардор қилиш тартиби киритилди.

Шу боис Тошкент халқаро инвестиция форуми стратегик ташаббусларни муҳокама қилиш, халқаро бизнес ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятини намойиш этиш мақсадида яратилган янги халқаро платформа ҳисобланади. Анжуман жадал ривожланаётган бозоримизга интеграция жараёнига қизиқиш билдирган йирик хорижий инвестиция, молия-иқтисодиёт ташкилот ва корхоналари раҳбарлари,  вакилларини жалб этишга қаратилган.

Тадбирнинг долзарблигини йил сайин иштирокчи давлатлар географияси кенгайиб бориши, хорижий инвестор ва бизнес вакиллари сони ортишидан ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2022 йил ўтказилган биринчи инвестиция форумида 7,8 миллиард долларлик 105 ҳужжат кучга кирган бўлса, 2023 йил жами 11 миллиард долларга тенг 164 инвестиция шартномаси имзоланди. Хорижлик шерикларга ҳудудларимиз инвестиция салоҳияти, 160 дан кўп йирик лойиҳа тақдим қилинди. Яшил энергиядан инновацион саноатгача, қишлоқ хўжалигидан иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришгача бўлган йўналишларда, шунингдек саноатда юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган инвестиця лойиҳаларини амалга оширишга келишилди. Халқаро молия институтлари ҳисобланган Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки каби тузилмалар билан ҳам иқтисодиёт тармоқ ва соҳалардаги лойиҳаларга оид қатор инвестиция битимлари имзоланди.

Бу галги Тошкент халқаро инвестиция форуми учун 17 миллиард долларлик шартнома ва битим портфели шакллантирилган бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим йирик лойиҳаларни ишга туширишга оид тадбирлар ҳам ўтказилади.

Дарвоқе, форум иштирокчилари сони ҳам мунтазам ортиб боряпти. 2022 йил илк форумга 56 мамлакатдан мингдан зиёд хорижлик, 2023 йил эса 70 мамлакатдан 2 500 га яқин меҳмон келган. Бу йил 84 давлатдан қарийб 2500 киши қатнашиши кутилмоқда.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё инвестиция салоҳиятини атрофлича очиб беришга қаратилган ялпи мажлис, экспертларнинг 40 дан ортиқ баҳс-мунозараси, панел мулоқотлари, давра суҳбатлари ва B2B музокаралари ўтказилади. Шунингдек, юртимизда қатор янги лойиҳаларни ишга тушириш маросими кўзда тутилган.

Мамлакатимизда иқтисодиётни янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, бу борада қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатни мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар билан хорижий инвесторларни яқиндан таништириш имкони яратилади. Шунингдек, замонавий энергетика тизимини барпо этиш, банк-молия тизимини ислоҳ қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, саноат ва савдо, транспорт тизими, саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш, сув таъминоти ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, туризм инфратузилмаси, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, табиий ресурсларни ўзлаштириш ҳамда енгил саноат тармоғини ривожлантириш каби ўзаро манфаатли лойиҳалар муҳокама этилади.

Хулоса ўрнида айтиш лозим, халқаро инвестиция форуми миллий иқтисодиётдаги саноатлаштиришнинг юқори имконияти ҳамда инвестиция  салоҳиятини халқаро бизнес ҳамжамиятига яқиндан таништирган ҳолда халқаро молия институтлари ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

ЎзА мухбири, Гўзал Сатторова ёзиб олди.