Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тошкент ИЭС”да экологик барқарорлик қай даражада таъминланмоқда? (+видео)
18:42 / 2025-12-15

Мамлакатимиздаги иссиқлик электр станцияларида экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини замонавий экологик талабларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли моддалар ҳажмини қисқартириш, доимий мониторингни таъминлаш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш ушбу йўналишдаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида Тошкент иссиқлик электр станцияси бош экологи Наргиза Эргашева қуйидаги маълумотларни берди:

– Атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар ҳажмини камайтириш мақсадида 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ушбу режа доирасида станция ҳудудидаги қозон агрегатларида ёқилғи ёниш жараёнини яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, 12 та энергоблокда иккиламчи ҳаво бериш йўналиши такомиллаштирилиб, ортиқча ҳаво сўрилиш ҳолатлари бартараф этилган. Натижада бир йил давомида атмосферага чиқарилаётган чиқинди газлар ҳажмини 23 минг тоннага камайтириш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Тошкент иссиқлик электр станцияси экология йўналиши бўйича биринчи тоифали объект ҳисобланади. Шу муносабат билан ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлаётган чиқиндиларни аниқ ҳисобга олиш ва доимий назорат қилиш мақсадида 12 та энергоблок фаолиятини қамраб олган ҳолда учта тутун мўрисига учта автоматик мониторинг станцияси ўрнатилган. Ушбу тизим орқали чиқинди газлар манбанинг ўзида электрон тарзда мониторинг қилиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 1-энергоблокда замонавий, юқори самарадорликка эга янги фильтрлар ўрнатилган. Уларнинг тозалаш қуввати соатига 1,5 миллион куб метрни ташкил этади. Мазкур ускуналар ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага чиқарилаётган чиқинди газлар концентрациясини 100 миллиграммдан 6 миллиграмм метр кубгача камайтириш имконини беради. Бу эса зарарли чиқиндилар ҳажмини 99,5 фоизга қисқартиришни назарда тутади.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда станциямизда жорий этилаётган янги технологиялар ва замонавий ускуналар атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли моддалар ҳажмини кескин камайтириш, экологик назоратни кучайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг экологик барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган талабларни изчил бажариш ва энергетика соҳасида барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган муҳим қадамлар.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/G-VdjN8ZcHs" title="“Toshkent IES”da ekologik barqarorlik qay darajada ta’minlanmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА