Айни кунларда “Тошкент ИЭМ” акциядорлик жамиятида умумий қиймати 109,2 миллион АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаси доирасида ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа ҳақида “Тошкент ИЭМ” АЖ раҳбари Рустам Шамсиев маълумот берди:
–Бугунги кунда иссиқлик электр станциялар фаолиятини такомиллаштириш борасида самарали ишлар йўлга қўйилмоқда, – деди Р.Шамсиев. – Тошкент иссиқлик станциясида татбиқ этилаётган лойиҳа ҳам улардан биридир.
Умумий қиймати 109,2 миллион АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаси доирасида “Тошкент ИЭМ” АЖда 2024 йилга қадар фойдаланишга топширилиши лозим бўлган ҳар бирининг қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбина қурилмаси қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Эътироф этиш жоизки, қурилиш ишларини ташкил қилиш бўйича халқаро тан олинган талаблар асосида тендер эълон қилинди ва унинг натижаларига кўра бош пудратчи сифатида Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси иштирок этмоқда.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 миллион кВт электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Бунда юқори тежамкор замонавий технологиялар эвазига йилига 219 минг метр куб табиий газ иқтисод қилинади.
Шунингдек, атроф-муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 200,5 тоннага камайишига эришилади.
Лойиҳа Тошкент шаҳрининг марказий туманларини сифатли электр ва иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.
Айни пайтда ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга қулай иш шароитларини яратиш бўйича электр марказидаги 400 квадрат ички санитария-гигиена хоналари қайта таъмирланмоқда.
Ишчилар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида электр марказ тиббиёт муассасаси мукаммал қайта таъмирланди ва замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Шу тариқа аввалги маънан эскирган тиббиёт пункти ўрнида шинам ва ёруғ, барча керакли шароитлар яратилган тиббий хизмат кўрсатиш тизими жорий этилди.
Аҳамиятли жиҳати, Президентимиз томонидан соҳа ривожига қаратилаётган катта эътибор туфайли энергетика тизимини ислоҳ қилиш, ишлаб чиқаришда замонавий қурилмалардан фойдаланиш, уларни амалиётга татбиқ этиш имконини берди.
Куни кеча айни шу қизғин жараёнларни кенг оммага етказиш мақсадида "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти жамияти томонидан журналистлар ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-тур иштирокчиларга ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.