English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент ҳақида янги асар
17:11 / 2021-10-07

Тошкентнинг қадимги тарихи, хонликлар даври, одамларнинг яшаш тарзи, тирикчилиги, қизиқишлари ҳақида ёзувчи ҳамда тарихчилар томонидан кўплаб асарлар ёзилган. Аммо уларнинг аксариятида 19- ҳамда 20- асрлардаги пойтахт ҳаёти акс этган. Абдужаббор Обидовнинг “Буюк Шош ёхуд кўҳна Тошканд девори” номли романида эса пойтахтнинг 18- асрдаги ҳаёти акс эттирилган.

1953 йилда пойтахтнинг Лабзак даҳасида туғилган Абдужаббор аканинг асли касби инженер- технолог бўлсада, аммо адабиётга кучли меҳри сабаб бир нечта асарлар ижод қилиб, ўқувчиларга тақдим этди. У ўз олдига Тошкент ва тошкентликлар ҳақида асар ёзишни мақсад қилиб қўяди ва шу йўлда изланишлар олиб боради. Ва ниҳоят  яқинда унинг “Буюк Шош ёхуд кўҳна Тошканд девори”  номли асари чоп этилди.  

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ушбу китобнинг тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда тарихшунос олимлар, адабиёт ихлосмандлари, талабалар ҳамда ёзувчи шоирлар иштирок этишди.  

– Абдужаббор иқтидорли инженер бўлишига қарамай анча йиллардан буён публицистика йўналишида ғайрат билан ижод қиляпди, –дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров. –Янги-янги асарларини нашриётларга тақдим этяпди. Унинг тарихий романи биз учун кутилмаган воқеа бўлди. Уч кун ичида ушбу романни ўқиб чиқдим. Романда 18- асрда яшаган Тошкент ва тошкентликлар қиёфаси жуда таъсирли ва эсда қоларли образлар орқали ёритиб берилган. Ушбу асарни Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Мақсуд Шайхзодаларнинг Тошкент ҳақида ёзган асарларининг давоми деб билдим. Тошкентликлар қандай халқ бўлган,деган саволга китобдан бемалол жавоб олишингиз мумкин.  

Тадбирда сўзга чиққан тарихчи олимлар мазкур асарнинг ёзилиш тарихи, фойдаланилган адабиётлар, изланишлар жараёнлари ҳақида тўхталиб ўтишди.  

– Тўғри, Тошкент ҳақида ёзилган асарлар бор, аммо улар жуда кам,  –дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад. – Биз ижодкорлар пойтахтнинг асл образини яратиб берадиган тарихий асарлар ёзишга  қарздормиз, деб биламан. Бу қарздорликни қайсидир маънода Абдужаббор узди. Асарнинг асосий қаҳрамони, яъни ўша даврларда пойтахтни бошқариб турган Юнусхўжа исмли савдогар  бир-бирлари билан талашиб, жиққамуш бўлиб яшаётган одамларни ҳамжиҳатликка ундади. Ҳар бир одам ер олиб, иморат кўтаришдан олдин девор қуради. Девори мустаҳкам қурилган уйларнинг ичига ҳеч ким ёмон кўз билан назар солмайди. Мазкур асарда пойтахтда ҳашар йўли орқали қурилган деворларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталган. Аммо ўша деворларнинг ҳар бирида севги ва муҳаббат мужассам. Икки ёшнинг  муҳаббатидан  ҳикоя қилувчи эпизодлар қўшилгани учун ҳам асар ўқимишли чиққан, деб ўйлайман. Кўҳна Тошканд деворининг ичида ҳали биз ижодкорлар ўрганишимиз, ёритишимиз керак бўлган гаплар жуда кўп.  

Тадбир давомида талабалар, ёш тарихчилар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан ижодкорлар билан фикр-мулоҳаза алмашди.

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА