Мамлакатимиз гимнастикачилари халқаро мусобақаларда муносиб натижаларга эришиш билан бир қаторда юртимизда ташкил этилаётган турнир ва чемпионатларда ўз иқтидорини намойиш этмоқда.
Жорий йилнинг якунланишига бир ярим ойга яқин вақт қолганда пойтахтимиз Тошкент ҳақли равишда йирик гимнастика мусобақалари марказига айланади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан учинчи йилдирки, жаҳоннинг энг сара гимнастикачилари пойтахтимизда ўтказилаётган турнирларда қатнашиб, Ўзбекистон гимнастика спорт турларини ривожлантиришнинг Осиёдаги етакчи маркази сифатидаги мавқеига гувоҳ бўлмоқда.
Жорий йилнинг 20-21 ноябрь кунлари гимнастика бўйича “Янги Ўзбекистон” турнири ўтказилса, 26-28 ноябрда Тошкентда акробатика гимнастикаси бўйича “Осиё юлдузлари” мусобақалари яна бир карра жаҳон гимнастикасининг етакчи вакиллари нигоҳини Ўзбекистонга қаратади.

Қиш фаслининг илк кунлари, яъни 3-4 декабрда пойтахтимизда батутда сакраш бўйича “Осмон устида” халқаро турнири ўтказиладики, ушбу ажойиб мусобақа йилнинг энг қизиқарли воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Шундан сўнг бадиий гимнастика мусобақалари эстафетани қабул қилиб олади. 9-12 декабрь кунлари турли ёш тоифаларидаги қизиқарли баҳслар гимнастиканинг куч, мослашувчанлик ва мураккаб, ҳайратланарли комбинацияларини мухлисларга тортиқ этади.

Дастурдан ўрин олган Президент кубоги доирасидаги “Гимнастика ҳамма учун” мусобақаларида барча вилоятлар жамоаларининг ранг-баранг, театрлаштирилган чиқишлари минг нафардан ортиқ спортчиларни бир мақсад – соғлом турмуш тарзи тадбирларида жам этди.
Йилнинг сўнгги ойларидаги мусобақалар орасида “Президент Олимпиадаси”нинг финал босқичи алоҳида ўрин тутади. Унинг саралаш босқичи ҳисобланган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” баҳслари йил давомида энг иқтидорли гимнастикачиларнинг жиддий танлови мақомини олди.
Мазкур спорт тизимида сараланган 18 нафар энг яхши гимнастикачи 26 ноябрь куни бўлиб ўтадиган “Президент олимпиадаси” ўйинларида ўз ҳудуди шарафини ҳимоя қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА