Кечадан буён Тошкент яна бир тарихий тадбирга мезбонлик қилмоқда. Пойтахтимизда биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади. Бизни тўлқинлантиргани халқимиз ҳаёти фаровонлиги йўлида ғоят муҳим аҳамиятга эга, миллий иқтисодиётимиз юксалишида янги даврни бошлаб бераётган форумда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Комил ишонч билан айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари нутқида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ташаббуслар ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида, мамлакатда таълим ва инсон капиталини ривожлаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаб, жумладан, шундай деди: сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиб, ушбу масканларда тарбия олаётган болаларимиз қамрови аввалги
27 фоиздан 67 фоизга кўтарилди. Бундан ташқари, 200 га яқин янги мактаб барпо этилди, 3 мингдан ортиқ мавжуд мактаб эса реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди.
Шу ўтган қисқа даврда 82 та янги университет ва институт, жумладан, 23 та хорижий олийгоҳ ташкил этилиб, олий таълим даргоҳларининг умумий сони 159 тага етди. Натижада мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражаси олдинги
9 фоиздан 28 фоизга етказилди ва бу йўналишдаги ишларимиз давом эттирилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, инвесторлар қаерда таълимга эътибор қаратилаётган бўлса, ўша мамлакатга ошиқади. Бунга бир қатор асосли сабаблар бор.
Биринчидан, инсон капиталига эътибор қаратилаётган мамлакатда, аввало, тинчлик-осойишталик муҳити ҳукмрон бўлади. Тинчлик бор жойда, иқтисодий юксалиш суръати кузатилади. Бу суръат, табиийки, мустаҳкам қонунчилик асосларига бориб тақалади. Қонунчилик асослар мустаҳкам заминда, чет эллик инвесторларга ҳам ишончли таянч ва кафолатли муҳит яратилади.
Иккинчидан, таълим сифатига қаратилаётган эътибор салоҳиятли ёш кадрларни етиштириб чиқариши аён ҳақиқат. Ёш, ўз касбининг билимдони, уддабурон кадрлар эса ҳар қандай инвестор учун сув ва ҳаводек зарур. Чунки, инвестор амалга оширадиган лойиҳа, энг аввало, инсон салоҳиятига боғлиқ бўлади. Шу маънода, ҳар қандай истиқболли лойиҳа малакали кадрлар билан рўёбга чиқади, кутилган натижа беради.
Учинчидан, фойда олиш кафолати. Бу ҳам инсон капитали билан изоҳланади. Яшаш меъёрлари илм-фан ютуқлари билан ўлчанаётган, инновацион усуллар ҳаётимиз асосига айланиб улгурган ҳозирги замонда қайта тикланувчи ва тежамкор технологиялар катта бизнес учун ҳаёт-мамот масаласидир. Бундай технологиялар асоси ҳам илм-фан негизига қурилиши ҳеч кимга сир эмас.
Тўртинчидан, бошқарув менежменти. Бу энди бевосита мамлакатдаги кадрлар сиёсати билан боғлиқ. Ўзингиз ўйлаб кўринг, қайси инвестор четдан кадр олиб келгиси келади? Ҳеч бири. Чунки бу катта сарф-харажат билан боғлиқ вазият. Ўзбекистонда эса йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Дунёда қуввати ҳам, талаб борлиги билан ҳам катта қамровли заводлар ишлаб турибди.
Биргина жаҳон энергетика тармоғи гиганти сифатида эътироф этилаётган “Uzbekistan GTL” заводини олайлик.
Қашқадарё вилоятида қад ростлаган бу завод — юқори технологик саноат мажмуаси дунёда бармоқ билан санарли. Мана шу заводда энг мураккаб технологияларни ҳам ўзбекистонлик йигитлар — ўзимизнинг қоракўзлар бошқармоқда. Бу қайси инвесторнинг ҳавасини келтирмайди, дейсиз. Шундай экан Ўзбекистон замонавий менежмент тизими ривожланган, дейишга тўла асосларимиз бор.
Президентимиз ўз нутқида “Мамлакатимиздаги 5 йиллик ислоҳотлар жараёнининг энг муҳим ютуғи сифатида бир фикрни тўла ишонч билан таъкидлаш мумкин: Ўзбекистонда ислоҳотлар ортга қайтмайдиган муқаррар тус олгани реал ҳақиқатдир”, деди. Бу гап юртдошларимиз учун ўзгача салобат касб этади. Халқаро жамоатчилик учун дунёда “Янги Ўзбекистон руҳи” пайдо бўлаётганини англатади.
Бу фикримизни ҳам аниқ далиллар билан исботлаш мумкин. Эътибор беринг, кейинги беш йилда Ўзбекистон Президенти илгари сураётган халқаро ташаббуслар ва илғор ғоялар дунё миқёсида кенг тарғиб этилмоқда. Бу экологияни асраш, камбағалликни тугатиш, дунё ёшларини эзгулик йўлида бирлаштириш, минтақавий алоқаларни дўстона руҳда ривожлантириш, тинчликни қадрлаш каби ташаббуслар ва ечимлар моҳиятида ўз аксини топади.
Шу маънода, биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги йирик воқеа бўлди, дейиш мумкин.
Зеро, Ўзбекистон замини ҳамиша тинчлик ва ривожланиш нуқтаси сифатида қадрланган, меҳр-оқибат тимсоли сифатида бўй кўрсатган.
Маҳмуджон БОЛТАБАЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор