Тошкент давлат тиббиёт университетининг 8 та магистратура таълим мутахассислиги халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди.
Булар: Эндокринология, Оториноларингология, Офталмология, Педиатрия, Болалар анестезиологияси ва реаниматологияси, Болалар кардиологияси ва ревматологияси, Болалар неврологияси, Болалар ва ўсмирлар гинекологияси магистратура йўналишларидир.
Халқаро аккредитация сертификатлари Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси ҳамда Евроосиё давлатлари тиббиёт муассасаларини аккредитация қилиш ва таълим сифатини таъминлаш маркази маслаҳатчиси Фарида Нурманбетова томонидан Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ва Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродовга тантанали равишда топширилди.
Университет матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, аккредитация жараёни Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси (World Federation for Medical Education – WFME) стандартлари, Евроосиё давлатлари тиббиёт муассасаларини аккредитация қилиш ва таълим сифатини таъминлаш маркази (ECAQA) талаблари асосида амалга оширилган.
Маълумот учун, 2025 йилнинг 3-8 ноябрь кунлари ECAQA халқаро экспертлари томонидан ўтказилган баҳолаш жараёнлари юқори касбийлик, холислик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этилган эди.
М.Қосимова, ЎзА