2025 йилнинг 29 июль куни амалга оширилган “Тошкент – Деҳли” йўналишидаги авиарейсда юз берган фавқулодда ҳолатда Тошкент давлат тиббиёт университети Халқаро факультети талабаси, ҳиндистонлик Моҳамед Анеес ўта муҳим ва масъулиятли ҳаракатни амалга оширди. Гап шундаки, у парвоз вақтида ўзини нохуш ҳис қилган йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, унинг ҳаётини сақлаб қолди.
Бу ҳақда Тошкент давлат тиббиёт университети матубот хизмати ходими Шоҳинур Мирзаев хабар берди. Унинг сўзларига кўра, парвоз вақтида бортда “Орангизда шифокор ёки тиббиёт ходими бўлса, илтимос, экипажга хабар беринг”, деган эълон янграган. Шу заҳоти Моҳамед Анеес ўзини таништириб, мутахассис сифатида ёрдам кўрсатишга киришган.
– Бемор 48 ёшли аёл эди, у қаттиқ хавотирга тушган ва жуда безовталанарди. Уни текширганимда тахикардия хуружи борлигини аниқладим. Дарҳол каротид массажини бошладим. 10-15 сониядан кейин бемор ўзини яхшироқ ҳис қила бошлади. Самолёт Деҳлига қўнгач, уни шифокорларга топширдик, – дейди Моҳамед Анеес.
Моҳамед Анееснинг билим ва ёндашуви сабаб бир инсон ҳаёти сақланиб қолди. Бу Тошкент давлат тиббиёт университети талабалари олаётган таълим нафақат назарий, балки амалиётда ҳам ҳаётий аҳамият касб этаётганидан далолат беради.
Мазкур воқеа ТДТУдаги таълим сифатининг халқаро мезонларга мослигини, талабалар эса дунёнинг исталган нуқтасида тиббий ёрдам кўрсатиш қобилиятига эга эканини яна бир бор намоён этди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА