Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент давлат стоматология институти халқаро илмий грантни қўлга киритди
16:19 / 2021-02-22

Президентимизнинг ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва тиббиёт вакиллари билан ўтказган учрашувида кассалликларни даволашдан кўра уларни олдини олиш анча самарали ва яхши натижа беришини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда оғиз бўшлиғи касалликлари, жумладан, тиш кариеси ер юзида энг кенг тарқалган касалликлардан бири бўлиб, дунё аҳолисининг 95-98 фоизида ушбу касаллик учраши тасдиқланган. Кариесга қарши кўплаб профилактика усуллари ишлаб чиқилганига қарамасдан, дунё аҳолиси орасида, айниқса, болалар ўртасида оғиз бўшлиғи касалликлари, кариес билан зарарланиш ҳолатлари кўп учрамоқда.  

Тошкент давлат стоматология институти доценти, тиббиёт фанлари доктори, болалар терапевт-стоматологи Бахтинур Худановнинг таъкидлашича, мактаб ёшидаги болаларда кариес сут ва доимий тишларда катталарга нисбатан тез кечади, баъзан емирилиш пломба остида ҳам давом этади.

Айнан шу каби салбий ҳолатлар, болалар ўртасида кариеснинг тарқалишини аниқлашга бағишланган комплекс изланишлар, профилактика соҳасида олиб борилган илмий ишларнинг нисбатан камлиги бу соҳани замонавий талабларга мос тизимлар билан бойитиш лозимлигини тақозо этмоқда.

Мазкур йўналишда олиб борилаётган илмий ва амалий ишларни мувофиқлаштириш, аҳоли орасида тиббий маданиятни ошириш, профилактик чора-тадбирларни такомиллаштириш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти ва Германиянинг Виттен (Хердекке) университети олимлари мамлакатимиздаги стоматологик вазият ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиш ҳамда инновацион профилактик тизим яратиш учун мўлжалланган илмий-амалий лойиҳа ишлаб чиқди.

– Англиянинг “Borrow” жамғармаси томонидан эълон қилинган грант танловида институтимиз ва Германиядаги ҳамкор университет олимлари мазкур лойиҳа билан муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлди, – дейди Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров.

 – Лойиҳа доирасида республикамиздаги 7 ва 12 ёшли мактаб ўқувчиларида оғиз бўшлиғи касалликларининг тарқалиши кўрсаткичи, ҳудудлардаги ичимлик сувларида фтор иони миқдори ва мазкур ҳолатнинг болалар антропометрик кўрсаткичларига боғлиқлиги ўрганилади ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқилади.

Лойиҳа халқаро грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Унинг доирасида институтнинг 40 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари томонидан 12 мингдан зиёд мактаб ўқувчиси халқаро стандартлар асосида кенгайтирилган стоматологик кўрикдан ўтказилади.

Дарвоқе, лойиҳа долзарблиги, илмий ва амалий аҳамияти уйғунлиги боис, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қўллаб қувватланган.  

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА