Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент давлат стоматология институти муваффақияти
15:18 / 2021-12-12

Пойтахтимиздаги “Hyatt regency” меҳмонхонасида IV халқаро стоматологлар конгресси ва Республика стоматологларининг 8-съезди бўлиб ўтди.

Унда ўн бешдан ортиқ давлатдан  150 га яқин маҳоратли стоматологлар ва юртимизнинг энг тажрибали мутахассислари иштирок этди.

Стоматология ва юз-жағ жарроҳлигининг долзарб муаммоларига бағишланган конгресс очилиш маросимида соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов иштирок этиб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқлар борасида сўз юритди. Тиббиётнинг асосий йўналиши саналган стоматология соҳасига ҳам халқаро тажрибани қўллаш, замонавий ёндашувларни татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидлади.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан бугун соҳа ходимлари олдига олий тиббий таълим ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш бўйича улкан вазифалар қўйилмоқда. Мамлакатимизда тиббий  таълимни қайта ислоҳ қилиш учун чора-тадбирларни амалга ошириш, теоретик билимларни оптимал даражага етказиш, унинг практик қисмини  халқаро тиббий таълим даражасига кўтариш, халқаро таълим стандартларини татбиқ этиш ҳамда тиббиёт кадрларни тайёрлаш жараёнига  кредит-модуль тизимини қўллаш лозим. 

Шунингдек, тиббиёт  йўналишларини ривожлантириш, инновациялар киритиш, янги билимларни ва янги даволаш стандартларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, глобал илмий маконда интеграцияни амалга ошириш ўта муҳим ва долзарбдир.

Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаровнинг таъкидлашича, модернизация жараёнини халқаро хамкорликсиз амалга ошириб бўлмайди. Шунингдек, таълим ва илмий жараёнларни амалиёт билан интеграциялаш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.  

– Профессор-ўқитувчилар, илмий ва тиббиёт ходимларини илғор хорижий тиббиёт олий ўқув юртларида, илмий тадқиқот марказларида, йирик клиникаларда  малака ошириши  ва стажировкадан ўтишини таъминлаш орқали кўзлаган мақсадларимизга эришишимиз мумкин, – дейди Н.Қодиров. – Бундан ташқари, хорижлик олимлар,  шифокор мутахассисларни маъруза ва мастер-класслар ўтказиш учун таклиф қилиш, халқаро конференция, семинарлар ташкил этиш ҳам яхши самара беради.

Икки кун давом этган халқаро конгресс доирасида Тошкент давлат стоматология институти ҳамда нуфузли хорижий университетлар ўртасида меморандумлар имзоланди. Кенг ҳамкорлик борасида келишувларга эришилди. Институтнинг дунё тан олган Бутунжаҳон тиббий таълим федерациясининг халқаро аккредитациясидан ўтиб, сертификатини қўлга киритгани эса, ҳақиқий манода қувончли воқеа –Ўзбекистон илм-фани учун катта ютуқ бўлди. Эндиликда институт битурувчиларининг дипломи жаҳон миқёсида тан олинади. Аккредитацион Кенгашнинг хулосасига мувофиқ, институт бакалавриат ва магистратура йўналишлари аккредитациядан ўтди.

Бу давлатимиз томонидан олий тиббий таълимга берилаётган эътиборнинг самараси бўлиб,  Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасидаги катта янгилик ва биринчилик, дейиш мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзганидек, умид қиламизки, бу бошқа олий таълим муассасалари учун ҳам яхши намуна бўлади.

Моҳигул Қосимова,
ЎзА