Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент давлат шарқшунослик университети Россиянинг 10дан ортиқ нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади
10:49 / 2022-10-28

Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Россия III таълим форуми самарали учрашув ва қизиқарли тадбирларга бой бўлди. Унда 100 га яқин ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, бу ҳужжатлар асосан Россияда ривожланган технологик ишлаб чиқариш соҳаларининг тажрибасини Ўзбекистон олийгоҳларига татбиқ этишни кўзда тутади.

Мазкур форумда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳам фаол иштирок этди. Форум доирасида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Россиянинг бир қанча нуфузли университетлари, хусусан, юқори рейтингларда турувчи, шарқ тилларини ўқитишда пешқадам бўлган, халқаро муносабатлар ва дипломатия соҳасидаги энг йирик университетлардан – Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Миллий тадқиқотчилар университети Иқтисодиёт олий мактаби, Санкт-Петербург давлат университетлари билан шартнома, чора-тадбирлар режаси ҳамда академик ва илмий алмашуви бўйича келишув ҳужжати имзоланди.

Маълумот ўрнида, Тошкент давлат шарқшунослик университети бугунги кунда Россия Федерациясининг 10дан ортиқ нуфузли таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ўзбекистон – Россия III таълим форуми доирасида имзоланган мазкур келишувлар икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро муносабатларни янги босқичда олиб чиқади. Бунинг натижасида ўзаро академик алмашинув йўлга қўйилиб, профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириши, талабаларнинг турли грант лойиҳаларда қатнашишига кенг имкон беради.

 

Г.Сатторова,

ЎзА