Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент давлат Шарқшунослик университети ҳамда Нидерландиянинг Лейден университети ҳамкорлиги кенгаймоқда
22:53 / 2023-06-27

Айни кунларда Тошкент давлат Шарқшунослик университети ректори Г.Рихсиева Эрасмус+ дастури лойиҳаси асосида Нидерландиянинг Лейден университетида хизмат сафарида бўлиб, лойиҳа раҳбари сифатида ТДШУ ҳамда Лейден университети ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларида фаолият олиб бормоқда.

Г.Рихсиева лойиҳа доирасида Лейден университети тадқиқотчилари учун Алишер Навоий ижоди ҳақида маъруза ўқиб, олиб борилаётган тадқиқотлар ва навоийшунослик соҳаси бўйича тақдимот қилди.

Шарқшунослик университетида нашр этилган Алишер Навоий тадқиқотлари серияси бўйича 7 жилдлик китоб тўплами ҳамда Г.Рихсиева ҳаммуаллифлигида хорижликлар учун нашр этилган “Ўзбек тили” курс дарслиги Лейден университетининг машҳур кутубхонасига совға қилинди.  

Мазкур кутубхона Марказий Осиё тадқиқотлари доирасидаги китобларнинг кўплиги жиҳатидан ажралиб туради.

ТДШУ Лейден университетининг Ижтимоий фанлар факультети билан Эрасмус мобиллик лойиҳалари асосида 2018 йилдан бери ҳамкорлик қилади. Лойиҳалар доирасида ТДШУ шарқшунос олимлари Ш.Ёвқочев, Ш.Камолиддин, У.Муҳибова, С.Гуломов, Қ.Якубовлар маърузалар ўқиган.

Лейден университети ва ТДШУ янгидан имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида кейинги қадамни қўйди. Эндиликда Лейден университетида форс тилини ўрганаётган талабалар гуруҳи Эрасмус+ лойиҳаси академик алмашинув дастури доирасида ТДШУга ўқишга келади.

Сафар давомида ТДШУ ректори Лейден университети ректори профессор Ҳестер Бижл ва масъул ходими, Шарқ бадиий миниатюра санъати бўйича мутахассис, эроншунос олима, профессор Габриелла Ван ден Берг билан учрашди. Унда ТДШУ ва Лейден университети ўртасидаги янгиланган шартнома доирасидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳақида фикр алмашилди ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Шунингдек, тарафлар профессор-ўқитувчилар ва талабаларни академик алмашувини кенгайтириш, халқаро конференциялар ўтказиш, илмий лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Маълумот ўрнида, Лейден университети 400 йилдан ортиқ тарихга эга Европанинг қадимий университетларидан бири бўлиб,  1575 йилда ташкил этилган.

Альберт Эйнштейн, Энрико Ферми, Рене Декарт, Рембрант каби буюк шахслар таълим олган мазкур университетда, шунингдек 16 нафар Нобел мукофоти лауреатлари ҳам етишиб чиққан.

Университет QS рейтинги бўйича дунёда 131-ўринда бўлиб, ижтимоий фанлар йўналиши бўйича 24-ўринни эгаллайди.

ЎзА