Олий таълим муассасалари учун йил воқеаси саналган THE (Times Higher education) халқаро рейтинги натижалари эълон қилинган эди.
Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мазкур рейтингда 2022 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Ташкил топганига эндигина 8 йил бўлган университет учун бу муҳим рейтингга кириш ва унда муносиб иштирок этиш, табиийки, ғоят мураккаб вазифа эди.
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети сифатли таълим бериш ва ўз йўналишида долзарб илмий тадқиқотлар олиб бориш баробарида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, глобал муаммоларга ечим топиш, жамият ҳаётига ижобий таъсир этиш йўлида тизимли фаолият олиб бормоқда.
Бунинг натижаси ўлароқ, 2022 йилда илк иштирокига қарамай THE (Times Higher education) импакт рейтингида ТошДЎТAУ 800+ натижани қайд этди. 2023 йилда эса дунёнинг ТОП 600+ университетлари қаторидан жой олди. Бу йил учинчи марта мазкур халқаро рейтингда иштирок этган Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 300+ ўринни эгаллади. Гендер тенглигини таъминлаш бўйича жаҳоннинг энг яхши 10 та университетидан бири бўлди. Университет томонидан гендер нотенглигига барҳам бериш бўйича махсус платформа (https://tsuull.uz/en/content/the) ишга туширилди, долзарб мавзуларда подкастлар, очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Бошқа индикаторлар бўйича ҳам университетнинг натижалари ҳавас қилгулик. Масалан, Сифатли таълим бериш бўйича 201-300-ўрин, тинчлик ва адолатни таъминлаш йўналишида 201-300-ўрин, умумий мақсадлар йўлида глобал ҳамкорлик ўрнатиш бўйича 601-800-ўрин, қашшоқликка барҳам бериш бўйича 54-ўрин.
Нафақат талабаларнинг, балки бутун жамиятнинг эътиборини долзарб глобал муаммоларга қаратиш, имкон қадар стратегик ечимлар таклиф этиш, ўз лойиҳасига ва ғояларига эга ёшларни қўллаб-қувватлаш ТошДЎТAУнинг асосий миссияларидан биридир.
Тор илм соҳасига ихтисослашган университетлар учун халқаро рейтингларда иштирок этиш ва ижобий натижа қайд этиш жуда мураккаб. Aммо ТошДЎТAУ бу мураккаб вазифани уддалади. Икки йиллик натижаларга кўра, миллий ОТМлар орасида ТошДЎТAУ етакчиликни қўлдан бой бермай келмоқда. Бунинг ҳаммаси университет раҳбариятининг тўғри стратегия асосида ҳаракат қилаётгани, университетда ўқитиш тизими, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича аниқ фаолият олиб бораётганидан далолатдир.
Ушбу катта натижа университет педагоглари, таълим сифати ва соғлом муҳит учун жавобгар маъмурият вакиллари, техник ходимлар, иштиёқи баланд талабаларнинг якдил ҳаракати самарасидир.
Н.Усмонова,
ЎзА