Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бугунги кунда нафақат она тилимизни илмий ўрганиш, балки юксак салоҳиятли, миллий мафкурага содиқ кадрларни тайёрлаш марказига айланди.
Университетда яратилган ўзига хос илмий муҳит талабаларнинг республика миқёсидаги энг нуфузли танловларда юқори шоҳсупаларни эгаллашига замин яратмоқда. Бухорода бўлиб ўтган навбатдаги тақдирлаш маросими мазкур таълим даргоҳининг мамлакатимиздаги етакчи мавқеини яна бир бор намойиш этди.
Бухоро давлат университетида олий ва касбий таълим ташкилотлари талаба-ўқувчилари ўртасида ўтказилган республика кўрик-танловлари ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбирда тил ва адабиёт йўналиши бўйича энг юқори натижани қайд этган Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 3-босқич талабаси Раъно Абдуҳамидова “Тил билимдонлари” танловининг фахрли 1-ўринига лойиқ кўрилди. Шунингдек, университетнинг 2-босқич талабаси Сарвиноз Орифжонова “Китобхон ёшлар лигаси'' йўналишида фахрли ўринлардан бирини эгаллади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу танлов ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, она тилимизга бўлган ҳурматни кучайтириш ҳамда иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлайди. Раъно Абдуҳамидова ўзбек тилининг назарий ва амалий жиҳатларини мукаммал ўзлаштиргани билан ҳакамлар ҳайъати эътирофига сазовор бўлди.
– "Тил билимдонлари" танловидаги ғалабам — университетимиздаги бой илмий муҳит ва устозларимнинг берган беқиёс сабоқлари натижасидир, — дейди республика танлови ғолиби Раъно Абдуҳамидова. — Бу ютуқ нафақат менинг, балки она тилимизни эъзозловчи бутун жамоамизнинг ютуғидир. Мақсадим — тилимизнинг софлигини сақлаш ва уни рақамли технологиялар даврида дунёга танитишга ҳисса қўшиш.
[gallery-27531]
Ушбу ғалаба Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида таълим ва тарбия жараёни нақадар тўғри йўлга қўйилганининг амалий ифодасидир. Маросим якунида ғолибларга вазирликнинг махсус дипломлари ва пул мукофотлари тантанали топширилди. Ишончимиз комилки, университет деворлари ичида камол топаётган бундай билимли ёшлар келажакда ўзбек тили ва адабиётини янги босқичга олиб чиқади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА