Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети беш ёшда
16:53 / 2021-04-28

Жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва маънавий баркамол бўлиб вояга етиши муҳим саналади. Бунда аждодлар мероси, маънавий қадриятлар ҳал қилувчи ўрин тутади.

Шу боис, бугун юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Ҳар қайси халқнинг тарих, она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлиги, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам қачонки истилочи кучлар эл-юртимизни ўзига қарам қилмоқчи бўлса, аввало, уни ўз тили ва динидан, тарихи ва маданиятидан, миллий ғуруридан жудо этишга уринган. Шу боис, давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон мафкурасининг асосий ғояси хусусида шундай дейди: Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган».

Шу маънода, айтиш мумкинки, миллий ғоя ва мустақиллик мафкурасини ёш авлодга сингдиришда, уларни ватанпарварлик, миллий анъана, қадриятларимизга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тили ва адабиёти таълимининг алоҳида ўрни бор.

Кейинги йилларда тил, адабиётга эътибор миллатга бўлган эътибор эканлигидан келиб чиқиб мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитиш ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш мақсадида 2016 йил 13 майда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилиши бунинг ёрқин исботидир. Университет ўзбек тили ва адабиёти бўйича филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айни шу йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур таълим муассасасида Ўзбек филологияси, Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, Таржима назарияси ва амалиёти, Ўзбек тили факультетлари ҳамда 14 та кафедрада 204 нафар профессор-ўқитувчи 3 минг 854 нафар талабага сабоқ бериб келмоқда.

Ўтган беш йил мобайнида ўзбек тили ва адабиёти, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асослари, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга таржима қиладиган таржимонлар, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали илмий ва педагог кадрлар тайёрлаш учун таълим жараёни, ўқув режа ва дастурлари, янги педагогик технологиялар ҳамда ўқитиш усуллари чет эл тажрибаси ҳамда маҳаллий анъаналар асосида такомиллаштирилди. Жумладан, кейинги уч йилда 18 та дарслик ва 21 та ўқув қўлланма, яъни янги авлод ўқув адабиётлари яратилиб, таълим жараёнига кенг татбиқ этилди.

Президентимиз алоҳида қайд этганидек, «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда фольклоршунослик, диалектология, туркология, матншунослик каби йўналишлар очилди. Бу борада янги ўқув дастурлари яратилаётгани, дарслик ва қўлланмалар, рисола ва монографиялар нашр этилаётгани, илмий анжуманлар, оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилининг бугуни ва истиқболи ҳақида амалий таклиф ва ташаббуслар билдирилаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга».

Университетда талабалар, магистрантлар, таянч докторантлар, мустақил изланувчилар ва профессор-ўқитувчилар учун маҳаллий, халқаро ахборот ва маълумотлар базаларидан фойдаланиши учун барча шароитлар мавжуд. Жумладан, ҳар бир кафедрада 4 тадан компьютер, мустақил таълим залида 100 дан ортиқ компьютерлар, АРМнинг 2-қаватида 47 та компьютер интернет тармоғига уланган ва wi-fi зоналаридан ҳам бепул фойдаланиш имконияти яратилган.

Талабалар кенгаши университет талабаларини бирлаштирадиган, уларнинг ҳаётига ранг-баранглик ва мазмун бағишлайдиган, шижоат ва завқ берадиган ташкилотдир. Қисқа муддат ичида кўплаб лойиҳалар ташкил этилиб, уларнинг аксарияти ҳар йили амалга оширилади. Шундай лойиҳалардан бири талабаликка бағишловдир. Талабалар куни, университет ташкил этилган кунга бағишланган кеча, «Университет маликаси» ва бошқалар шулар жумласидандир. Биз талабалар ҳаётини ранг-баранг ва ёрқин бўлишига ҳаракат қиламиз. Йилдан-йилга Талабалар кенгаши ўсиб, такомиллашиб бормоқда, ўз мавқеини қатъий мустаҳкамламоқда. ТошДЎТАУ Талабалар кенгаши ҳаммаслак ёшларнинг кучли жамоаси бўлибгина қолмай, атроф – муҳитга бефарқ бўлмаган катта аҳил оила ҳамдир. Университетга келар экансиз, Талабалар кенгаши аъзоларини дарҳол пайқайсиз: уларнинг кўзлари чақнаб туради, уларда ривожланиш ва ривожлантириш истаги кучли. Ва бу мактабни ўтаган ҳар бир талаба ўз ҳаёт йўлида «Мен ўз фикримга эгаман» шиорига амал қилади.

Кўпчиликка яхши аёнки, чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш бўйича «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш киритиш юзасидан таклифлар олти ой мобайнида кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтди. Янги таҳрирдаги Қонун 2020 йил 13 март куни имзоланди. 2020 йил 15 сентябрдан бошлаб кучга кирган ушбу Қонуннинг 19-моддасига Ўзбекистон фуқаролигига умумий тартибда қабул қилишнинг асосий шартларидан бири сифатида ариза топширган шахснинг давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиши ҳам киритилди. Ушбу моддага асосан давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши мустаҳкамлаб қўйилган. Низомга кўра давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги малака сертификати Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилиши қайд этилган. Давлат тилини билиш даражасини аниқлашга тайёргарлик кўриш, тест материалларини тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан шакллантириладиган ишчи гуруҳ ариза топширган шахснинг нутқий, лингвистик, матнни тушуниш компетенцияларига эътибор қаратади.

Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз. Чунки, неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш – бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир. Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир. Қолаверса, фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Шу боис университет профессор-ўқитувчилари ҳам ўзбек тилини сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларда қўллаш, таълимнинг барча босқичларида давлат тили ўқитилиши ҳамда ўзбек тили ва адабиётини янада ривожлантириш борасидаги илмий, илмий-амалий изланишлар доирасини кенгайтириш, ундан давлат тили сифатида тўлиқ ва тўғри фойдаланишни таъминлаш, давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашуви, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш йўлидаги фаолиятини янада такомиллаштириб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, жамоа мамлакат раҳбари таърифлаган «Маънавият университети», деган юксак номга ҳар жиҳатдан муносиб бўлиш учун бирдамлик билан саъй-ҳаракат қилиб келмоқда. Зеро, тил ва адабиёт ривожи миллат тараққиётининг гаровидир.

 

 

Бахтиёр Абдушукуров,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Ўзбек филологияси факультети декани, филология фанлари доктори, профессор.