Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Карьера куни” ташкил этилди
16:34 / 2021-11-04

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “таълим-фан-ишлаб чиқариш”нинг узвий интеграциясини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этиш, таълим хизматлари сифатини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро инновацион-корпоратив ҳамкорликни янада яхши йўлга қўйиш мақсадида “Карьера куни” ахборот-таништирув тадбири ўтказилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Марказий банк, тижорат банклари, шунингдек, мулкчиликнинг турли шаклларидаги 200 дан ортиқ компания ва фирмаларнинг раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этдилар.

“Карьера куни” ахборот-танишитирув тадбири давомида бўш иш ўринлари билан иштирок этаётган иш берувчи вазирлик, муассаса, ташкилот ва корхоналарга битирувчи талабалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Қайд этилишича, жорий 2021-2022 ўқув йилида университетни 2 минг 799 нафар (бакалавриат босқичида 2132 нафар ва магистратура босқичида 667 нафар) битирувчи тамомлайди.

– Ҳозирги кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бакалавриат босқичида 31 та таълим йўналиши ҳамда 34 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда, – дейди университет ректори Конгратбой Шарипов. – “Карьера куни” ахборот-таништирув тадбирини ўтказишдан асосий мақсадимиз иш берувчилар учун бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари бўйича университет битирувчиларининг махсус, касбий ва малакавий билимлари, қобилият ҳамда малакалари тақдимотини ўтказиш. Шунингдек, университет битирувчиларига ўзларига мос иш ўринлари билан танишиш, шартномалар тузиш имконини беришдир.

Тадбирда бакалавриат ва магистратуранинг битирувчи курс талабалари билан таклиф этилган иш берувчи вазирликлар, қўмиталар, компаниялар, ташкилотлар, корхоналарнинг вакиллари ўртасида ишга жойлашиш ва касбга йўналтириш бўйича мулоқотлар олиб борилди.

Тадбир давомида тижорат банклари, халқаро экспертлар ҳамда йирик компания вакиллари томонидан мастер-класслар ўтказилди. Битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда таклиф этилган вазирликлар, қўмиталар, компаниялар, ташкилотлар, корхоналар ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА