Президентимиз томонидан олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларга асосан сўнгги йилларда мамлакатимизда айнан таълим соҳасини, яъни инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, мамлакат келажаги билимли, замонавий фикрлайдиган кадрларга боғлиқ.
Тошкент давлат аграр университетида битирувчи курс талабалари иштирокида “Карьера куни” оммавий тарғибот тадбири ташкил этилди.

Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва соҳанинг бошқа ташкилотлари билан бирга Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳам фаол иштирок этди. Унда битирувчиларга Кенгаш тизимидаги мавжуд иш ўринлари ва уларнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида маълумот берилди.
Хусусан, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳудудий кенгашлари бўйича бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этиб, битирувчи талабалар эгаллаган йўналиши бўйича суҳбат ўтказилди. Шундан сўнг улар танлаган мутахассислиги бўйича ишга жойлашишга кўмаклашиш мақсадида рўйхатлар шакллантирилди ва тегишли масъулларга йўналтирилди.

Шунингдек, тадбир давомида Республика фермерлари кенгаши масъул ходимлари томонидан маҳорат дарслари ўтказилиб,
инновацион ҳамкорлик доирасида муаммоли мавзулар бўйича тадқиқотлар олиб бориш ҳақида Тошкент давлат аграр университети масъулларига таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Жумладан, амалиётчи мутахассисларни дарс машғулотларига жалб қилиш, битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларини республикадаги фермерлар таклифини ҳисобга олган ҳолда тайёрлаш бўйича таклифлар берилди.

Ҳ. Ташмурадов, Ўзбекистон фермерлари
кенгаши марказий ижро аппарати бўлим бошлиғи.
ЎзА