Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент Ботаника боғида “яшил ташаббус” тадбири ўтказилди
14:15 / 2025-11-19

Экологик барқарорлик замонавий дунёда энг муҳим вазифалардан бири. Шунга кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва биологик хилма-хилликни сақлаш ҳар бир жамият ва шахс учун устувор мақсад бўлиши зарур.

Экологик билим ва шу ҳудуддаги фаолиятларнинг барқарорлиги келажак авлодлар учун соғлом ва хавфсиз муҳит яратишда асосий аҳамиятга эга.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ва маҳаллий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Тошкент Ботаника боғида ўтказилган кенг кўламли экологик тозалаш акцияси ҳам шундай эзгу мақсадларга қаратилди.

Унда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчихоналари вакиллари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, мактаб ва университет талабалари фаол иштирок этди.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ахборот хизмати раҳбари Малика Мусаеванинг қайд этишича, ушбу тадбир Европа Иттифоқи томонидан ҳар йили амалга ошириладиган глобал экологик ташаббус  - “Яшил дипломатия ҳафталиклари”нинг бир қисми сифатида ташкил этилган.

–Ҳар йили сентябрдан ноябргача бўлган даврда “Яшил дипломатия ҳафталиклари” дунё бўйлаб Европа Иттифоқи делегациялари ва ҳамкор мамлакатларда экологик дипломатияни тарғиб қилиш, шунингдек, глобал иқлим ва биологик хилма-хиллик масалаларига эътиборни ошириш мақсадида турли оммавий тадбирларни ўтказади. Булар орасида семинарлар, кўргазмалар, тозалаш акциялари ҳамда ёшлар, мактаб ва университет талабалари учун махсус тадбирлар ҳамда нодавлат ташкилотлар, маҳаллий ҳамжамиятлар ва бизнес вакиллари иштирокидаги давра суҳбатлари ҳам бор.

Бу гал ўтказилган акция тадбири ҳам улардан биридир. Тошкент Ботаника боғида 2 000 дан ортиқ турдаги ўсимлик мавжуд. Тадбирнинг асосий мақсади ташриф буюрувчилар ва кенг жамоатчилик орасида экологик масъулиятни кенг тарғиб қилишдан иборат. Экологияни муҳофаза қилиш ҳар бир шахсдан, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлардан бошланади ва бу ҳар куни қабул қилинадиган муҳим танловимиздир. Жамоатчиликнинг жойларни тоза сақлаши умумий масъулият ҳисобланади. Ҳукумат ва ташкилотларнинг қатъий ҳаракатлари аҳамиятли бўлса-да, ҳар бир инсоннинг ҳиссаси ҳам шунчалик муҳим, – деди М.Мусаева.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қўшма саъй-ҳаракат Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида иқлим ўзгаришига қарши кураш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлади.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА