Вазирлар Маҳкамасининг 28 февралдаги “Тошкент шаҳрида комплекс қурилиш тамойили асосида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда яшил ҳудудларни барпо этиш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасига ўзгартиришлар киритилди.
Янги қарорга мувофиқ, пойтахтда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳужжатнинг асосий кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилди. Таклифлар Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда шаҳар ҳокимлиги томонидан киритилган.
Қарорга кўра, хорижий ва маҳаллий инвесторлар иштирокида умумий қиймати 16,2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 31 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳалар 2311,4 гектар ер майдонига жойлаштирилади.
Қурилиш ишлари натижасида ҳар йили қўшимча равишда, 1,5 миллиард доллар ялпи ҳудудий маҳсулот, 3,5 триллион сўм соф солиқ тушумлари, 260 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Лойиҳалар доирасида кўп қаватли турар жой мажмуалари (9 ва 16 қаватли уйлар), биринчи қаватлари тижорат объектлари бўлган бинолар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда ижтимоий-дам олиш инфратузилмаси барпо этилади.
Қурилиш ишлари Бектемир, Миробод, Сергели, Чилонзор, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Учтепа ва Янгиҳаёт туманларида амалга оширилиши режалаштирилган.

Шаҳар маркази ва бошқа ҳудудларда бир нечта беш юлдузли меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, замонавий бизнес марказлари, савдо ва кўп тармоқли хизмат кўрсатиш мажмуалари, талабалар ётоқхонаси, клиника ва соғломлаштириш марказлари барпо этилади.
Янгиҳаёт туманида «Янги авлод» саноат зонаси доирасида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилиб, йирик индустриал майдон шакллантирилади.
Қарорга мувофиқ, ҳар бир лойиҳа ҳудудининг камида 30 фоизи яшил зоналар учун ажратилиши шарт. Эскирган кварталлар мажмуавий тарзда янгиланади, майдони 1 гектаргача бўлган ер участкаларида тарқоқ ва зич қурилишларга чек қўйилади.
Қурувчилар томонидан тўланадиган инфратузилма тўловлари ҳисобидан қўшимча жамоат парклари барпо этилади. «Tashkent invest» компанияси биринчи босқичда тўққизта ҳудудда 139,6 гектар янги яшил майдон ташкил этади.
Ҳар бир лойиҳа учун икки ой муддатда мастер-режалар ишлаб чиқилади ва тегишли тартибда тасдиқланади. Муҳандислик тармоқлари ҳамда транспорт инфратузилмаси харажатларини қоплаш учун инвесторлардан инфратузилма тўловлари ундирилади.
Бунда базавий ставкага қурилиш зичлиги, яшил ҳудудлар улуши ва ижтимоий юкламадан келиб чиқиб 1,1 дан 3 гача бўлган оширувчи коэффициентлар қўлланиши мумкин.
Лойиҳалаш ва қурилиш ишларида халқаро норматив-техник ҳужжатлардан фойдаланишга рухсат берилган. Шу билан бирга, улар миллий шаҳарсозлик нормаларига мослаштирилиши ва экспертизадан ўтказилиши шарт.
Шунингдек, биноларни лойиҳалашда энергия тежовчи технологиялар ва табиий газ ўрнини босувчи муқобил ёқилғи турларидан фойдаланиш талаб этилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА