Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент архитектура-қурилиш университетининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари белгиланди
14:11 / 2025-07-01

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолиятида таълим тизими самарадорлигини ошириш ва илмий тадқиқотларнинг амалиёт билан интеграциясини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Тошкент архитектура-қурилиш университетининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари белгиланди. Булар: 

а) дуал таълим шаклини тўлиқ жорий қилиш орқали таълим жараёнларининг амалиёт билан интеграциясини таъминлаш; 

б) 2029 йилда дунёнинг нуфузли Quacquarelli Symonds (QS) ва Times Higher Education (THE) ташкилотлари рейтингларида соҳалар бўйича биринчи 1000 талик рўйхатдаги олий таълим ташкилотлари қаторига кириш; 

в) ўқув ва бошқарув жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш; 

г) илмий салоҳиятни экспорт қилиш доирасида 2028 йил якунига қадар Университет брендини шакллантириб, хорижий давлатлардан камида 1 000 нафар талабани жалб қилиш; 

д) 2026/2027 ўқув йилига қадар таълим жараёнларини ташкил этиш, лабораторияларни жиҳозлаш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш учун камида 10 миллион доллар миқдорида инвестициялар жалб қилишдан иборат.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Тошкент архитектура-қурилиш университетида ўқитишнинг дуал таълим шакли жорий этилади. 

Дуал таълим дастури кредит-модуль тамойили асосида бакалавриат босқичининг: 

а) биринчи курс талабалари учун - таълим дастурларининг 60 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 40 фоизи (амалиёт қисми) қурилиш саноати корхоналарида; 

б) иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун - таълим дастурларининг 40 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 60 фоизи (амалиёт қисми) қурилиш саноати корхоналарида ўтказилади.

Университетга қурилиш саноати корхоналарида кафедралар филиалларини ташкил этиш ва таълим дастурларининг назарий қисмини ишлаб чиқариш жараёни орқали ўқитишга рухсат этилади. 

Талабаларга дарс бериш учун амалиётда фаолият юритаётган тегишли йўналишлардаги тажрибали мутахассислар Университет кафедралари ва уларнинг филиалларига жалб қилинади. 

Тегишли қурилиш саноати корхоналари фаолиятидаги долзарб масалаларга оид талабаларнинг курс лойиҳалари, битирув малакавий ишлари ва диплом лойиҳалари, магистрант ва докторантларнинг диссертациялари ушбу ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама қилинади. 

Университет кафедраларининг профессор-ўқитувчилари ўқув режа ва дастурларини қурилиш саноати корхоналари мутахассислари билан биргаликда доимий такомиллаштириб боради.

ЎзА