English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент – Ар-Риёд: Шарқнинг янги кўприклари
12:32 / 2025-10-17

Кузнинг мусаффо тонги... Қадим миноралар замонавий иморатлар билан ёнма-ён қадр ростлаган Тошкентда иқтисодий муносабатлар доирасини ёриб чиққан муҳим воқелик рўй берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ бошчилигидаги ишбилармонлар делегациясини қабул қилди.  Учрашув “Келажак сари ҳамкорлик” шиори остида ўтди.

Фақат рақамлар билан ифодаланмайдиган учрашув

Шу юртда кўп йилдан буён  яшаб келаётган араб журналисти сифатида мазкур ташрифни икки делегациянинг шунчаки расмий учрашуви эмас, балки Ўзбекистоннинг ислоҳотчилик тафаккури ва Саудия инвестициявий салоҳияти ўртасидаги рамзий мулоқот сифатида қабул қилдим. Иштирокчилар юз-кўзида орзуни амалий ишга айлантириш истаги, ўзига хос шижоат ва интилиш акс этарди. Барқарор ривожланиш йўлида дадил одимлаётган Ўзбекистон Подшоҳлик тимсолида ғояни лойиҳага айлантира оладиган ишончли шерик топди.

Амалиётга асосланган ҳамкорлик

Президент Шавкат Мирзиёев келишувдан амалий босқичга ўтиш зарурлигини қайд этиб, саудиялик инвесторлар учун барча шароит яратиб берилишини маълум қилди.

Ўз  навбатида, вазир Ал-Фалиҳ Тошкентдаги инвестициявий муҳитни Марказий Осиё мамлакатлари учун намуна қилиб кўрсатиш мумкинлигини қайд этди.

Музокара давомида қайта тикланувчи энергия манбалари, “ақлли” қишлоқ хўжалиги,  рақамлаштириш ва инфратузилма соҳаларидаги кенг кўламли  ташаббуслар муҳокама қилинди. Ўзбекистонда  “яшил энергетика” соҳасида  қиймати 15 миллиард доллардан ошадиган лойиҳалар амалга ошираётган “ACWA Power” компанияси энг йирик хорижий инвесторлардан бири эканига урғу берилди.

Рақамлар ортидаги ишонч ва қатъий ирода

Бугун қўшма лойиҳаларнинг умумий қиймати 27 миллиард долларни ташкил этмоқда. Шунинг ўзи ҳам Тошкент ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабат аллақачон шунчаки савдо шериклиги босқичидан ўтиб, мутлақо янги, иқтисодий иттифоқчилик даражасига чиққанини кўрсатади. Айни жараёнда  инвестиция, билим ва ишонч асосида йўл, кўприк ва фабрикалар барпо этилмоқда.

Эътиборлиси, Саудия Арабистонининг “Нигоҳ-2030” ва “Янги Ўзбекистон-2030” стратегиялари кўп жиҳатдан уйғун. Ҳар икки ҳужжат диверсификацияланган  иқтисодиёт, инновацион жамият ва фаол давлатни шакллантиришга йўналтирилган.

Сиёсий ва дипломатик ўлчов

Учрашувнинг дипломатик аҳамияти ҳам беқиёс. Саудия делегацияси Президент Шавкат Мирзиёевга Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд Муҳаммад бин Салмоннинг самимий саломини етказиб, Қироллик ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди. Ҳурмат йўғрилган сўзлар билан “Муносабатларимиз фақат ҳукуматлар ўртасидаги ҳамкорлик эмас, балки дин, тил ва муштарак қадриятлар билан боғланган икки қардош халқ ўртасидаги алоқалардир”, деди.

Осиё юрагидан Арабистон нигоҳи

Бугун Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришларни кузатар экансан, беихтиёр, мамлакат  минтақанинг янги тарихини яратаётганига имон келтирасан, киши. Тошкент Шарқнинг Шарқ билан мулоқоти маркази, араб капитали ва Осиё ташаббуси туташган майдонга айланмоқда. Шу боис давлат раҳбарининг саудиялик ишбилармонлар билан учрашуви нафақат иқтисодий воқелик, балки Арабистон – Осиё ҳамкорлигининг янги географиясини шакллантиришдаги муҳим босқичдир.

Хулоса: ишонч, тасаввур ва инсон

Икки мамлакатни бугун шартномалар билан бирга, ўзаро ишонч, маънавий яқинлик ва фаровонлик сари умумий интилиш бирлаштирган. Муқаддас Ҳижоз заминидан Зарафшон водийсигача инвестиция ва дўстлик кўприклари барпо этилмоқдаки, бу муждалар энергияси тоза, тараққиёти умумий келажак сари етаклайди.

Пойтахтлар осмон ўпар бинолар сони билан эмас, кўприклар қуришга қодирлиги билан ўлчанаркан, Тошкент ва Ар-Риёд ҳурмат, ишонч ва  инсоний қадриятларга асосланган ҳамкорликнинг янги даври учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Аҳмад Жасим Ал-Зубайдий,

ЎзДЖТУ араб тили таржимаси

назарияси ва амалиёти

кафедраси  ўқитувчиси, профессор