Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент анжуманида тадбиркорлик таълимини ривожлантириш стратегияси белгилаб олинади
18:25 / 2024-10-10

Бугун пойтахтимизда YUNESKO ва Aлфраганус университети ҳамкорлигида “Ёшлар ва тадбиркорлик таълими келажаги” мавзусида 10-YUNESKO-APEID конференцияси иш бошлади.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, YUNESKOнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Гарвард университети вакиллари, шунингдек юздан зиёд халқаро эксперт, ўқитувчи, сиёсатчилар қатнашди.

Ёшлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йили дастури доирасида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олий таълим тизимини ривожлантириш, йигит-қизлар таҳсил олиши баробарида ўзларида тадбиркорлик кўникмасини шакллантиришига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Қайд этиш жоиз, ёшларни ишбилармонликка фаол жалб этиш, мамлакатимизда инновацияни ривожлантиришга нисбатан қатъий интилиш мазкур конференция давомида ҳам яққол намоён бўлди. Зеро, ёшларда янгича фикрлаш ҳамда етакчилик сифатини шакллантириш, барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш орқали ўсувчан ва инклюзив тадбиркорлик экотизимини яратиш жуда муҳим.

– Мазкур нуфузли ва муҳим тадбирни Тошкентда ўтказиш ташаббуси ўтган йил Хитойнинг Ханжоу шаҳрида илгари сурилган эди, – деди Aлфраганус университети ректори Муҳаммадисмоил Маҳмудов. – Анжуман ёшларни қўллаб-қувватлаш, инновацияни ривожлантириш йўлидаги миллий мақсадларни амалга оширишга катта ёрдам беради. Биз YUNESKO кўмагида мамлакатимизга халқаро тажрибани олиб кириш орқали ёшларимизда рақобатбардош дунёда муваффақият қозониш учун зарур бўлган тадбиркорлик кўникмасини ҳосил қилиш ниятидамиз. Тадбир олий таълим тизимида халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга ҳам ёрдам беради.

Хусусан, дунёдаги энг машҳур олийгоҳлардан бири – Кембриж университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаймиз.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, 2022 йил Тошкентда ташкил этилган, буюк ўзбек алломаси Aҳмад Aл-Фарғоний номи билан аталган Aлфраганус университети иқтисодиёт, филология, педагогика, ижтимоий фанлар, рақамли технология, тиббиёт, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда туризм йўналишларига ихтисослашган.

Икки кун давом этадиган конференция давомида 35 мамлакат вакиллари ёшлар ишбилармонлигини ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқиш, тадбиркорликни таълим тизими билан уйғунлаштириш ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган энг яхши амалиётни тарғиб этади.

– Анжуман Ўзбекистонда ўтказилиши бежиз эмас ва муҳим аҳамиятга эга, – деди YUNESKO таълим бўлими раҳбари Сара Ал-Аттор. – Тошкентда кўплаб халқаро экспертлар иштирокида кўп томонлама тажриба алмашиш, янги инновацион ғояларни ўзлаштириш орқали мавжуд муаммоларни бартараф этиш имкони яратилди. Зеро, ривожланган давлатлар илғор тажрибасини ўрганиш, етакчи хорижий экспертлар муваффақиятини тарғиб қилиш таълимдаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш йўлида ҳамжиҳат қадам ташлаш учун замин яратади.

Дастурга мувофиқ, тадбиркорлик таълимига бағишланган махсус журнал тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Конференция якунида “Тошкент декларацияси” қабул қилинади. Осиё-Тинч океани минтақасида тадбиркорлик таълимини ривожлантириш стратегияси белгилаб олинади.

Гўзал Сатторова, ЎзА