Айни пайтда пойтахт аэропортининг халқаро терминалида кенг кўламли модернизация ишлари олиб борилмоқда. Реконструкция натижасида терминал майдонини 44 минг квадрат метрдан 74,3 минг квадрат метргача кенгайтириш режалаштирилган. Модернизациялаш доирасида СIP-зал янгиланди.
«Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, пойтахтга етиб келган йўловчилар учун янгиланган СIP-зал аэропортнинг учиб кетиш терминалининг биринчи қаватида жойлашган. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида зал алоҳида паспорт назорати хоналари, юкларни тезликда етказиб бериш хизмати, бепул WI-FI, 75 ўринли юмшоқ қўниш ҳудуди, иссиқ ва салқин ичимликлар билан таъминланган. Бундан ташқари, залда Duty Free дўкони мавжуд. Йўловчиларни самолётдан CIP-залгача махсус қулай автобуслар элтиб қўяди.

Тошкентга келган йўловчилар учун CIP-зал орқали ўтиш нархи 350000 сўмни ташкил этади.
CIP-зал (Commercial Important Person) – пойтахт аэропортига рейсларни амалга оширувчи барча авиакомпаниялар хизматларидан фойдаланувчи йўловчиларни кутиб олиш ёки кузатиш учун қулайлиги оширилган зал ҳисобланади.
Роман БОНДАРЧУК