English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент 29 май куни профессионал бокс оқшомига мезбонлик қилади
15:16 / 2021-05-27

Кейинги йилларда жаҳон миқёсидаги профессионал бокс мусобақаларида Ўзбекистон номини ҳимоя этаётган боксчиларнинг эришаётган натижалари янгича кўриниш олмоқда.

Профессионал боксчиларимиз Муроджон Аҳмадалиев, Қудратулло Абдуқаҳҳоров, Шоҳжаҳон Эргашев, Бектемир Мелиқўзиев, Ҳасанбой Дўсматов, Фазлиддин Ғоибназаров, Олимжон Назаров, Шаҳрам Ғиёсов, Равшан Умурзақов, Достон Турдиев, Абдулазиз Нажмиддинов, Рустам Тўлаганов каби бир қатор спортчиларимиз ўз йўналишларида муваффақиятли иштирокини давом эттиришяпти.

29 май куни пойтахтимиздаги «Универсал» спорт мажмуасида Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ҳамда SAFPRO промоутерлик компанияси томонидан ташкиллаштириладиган бокс жанглари ҳам иқтидорли боксчиларни тарбиялашда муҳим мусобақа бўлиб қолиши шубҳасиз.

Мазкур «Профессионал бокс кечаси»нинг марказий жанги "BeFit" клуби аъзоси Исломбек Пирманов (2-0, 2 КО) озарбайжонлик Рауф Агаев (31-7, 14 КО) ўртасида WBC минтақавий камари учун бўлиб ўтади. Шунингдек, ҳамюртимиз Абдуҳамид Ҳакимов бокс оқшомида WBC Asia камарини ҳимоя қилади. Ажойиб бокс оқшомида Достон Турдиев, Рустам Эргашев, Беҳруз Раҳмонов, Жўрабой Зокиров, Шукрулло Воҳидов каби профессионал боксчиларимиз рейтинг жангларида иштирок этишади.

«Профессионал бокс кечаси»нинг супервайзери этиб Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Набижон Исманов белгиланган.

Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, мусобақани кузатиш учун Тошкентга Бутунжаҳон боксчилар уюшмаси(WBC) ижроқўми аъзоси, WBCнинг МДҲ ва Болтиқ давлатлари бўлими президенти Владимир Лаптев, жаҳондаги энг кучли промуотерлик компанияларидан бири RSS промуотерлик ташкилоти бош директори Герман Титов каби профессионал бокс оламида ўз нуфузига эга бўлган шахслар иштирок этишади.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА