2025 йили пойтахтимизда ёшлар ўртасидаги IV Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.
Хўш, ушбу ўйинларни юқори даражада ташкил этиш борасида қандай ишлар қилинмоқда? Тегишли ташкилотларда тайёргарлик масалалари қай тарзда олиб борилмоқда?
Мамлакатимиз спорт ҳаётида муҳим воқеа бўладиган Осиё ўйинларига тайёргарликнинг боришига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Муҳторхон Тошхўжаев, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари иштирок этди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг пойтахтимизда 2025 йил ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш бўйича топшириғи ижроси ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш каби масалалар муҳокама этилди.
Йиғилишда Осиё ўйинларини ташкил этиш учун Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 20 га яқин спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш имкониятига эга бўлган янги Олимпия шаҳарчасини барпо этиш режалаштирилаётганлиги таъкидланди. Олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Бу борада тумандаги “Янги Ўзбекистон” кўчасида жойлашган 100 гектар ер майдонида замонавий Олимпия шаҳарчаси ва спорт объектлари қурилишини лойиҳалаш бўйича Буюк Британиянинг “АРУП” компанияси вакиллари ўз тақдимотларини намойиш қилишди.

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида “АРУП” компанияси мутахассислари томонидан тақдим этилган лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Режага кўра, қурилиш 2 босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда Универсал сув ҳавзаси, велотрек мажмуаси, бадминтон саройи, жамоавий спорт турларига ихтисослашган комплекс, енгил атлетика стадиони, универсал ёпиқ иншоот, эшкак эшиш канали барпо этилса, иккинчи босқичда ётоқхона, ёпиқ енгил атлетика биноси, яккакураш спорт турлари учун арена, очиқ чим устида хоккей майдони қурилиши белгиланган.
Умумий ҳисобда “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари дастурига 30 та спорт тури киритилиши кўзда тутилмоқда.
Йиғилиш давомида жорий йил Хитойнинг Шантоу шаҳрида ўтадиган III ёшлар Осиё ўйинларига мамлакатимиз делегацияси билан бирга тажриба орттириш мақсадида “Тошкент-2025” ташкилий қўмитаси аъзоларини ҳам юбориш, ёш спортчиларни ҳозирдан пухта тайёрлаш мақсадида етакчи мутахассисларни жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, тез фурсатда мусобақа Дирексиясининг фаолиятини йўлга қўйиш, лойиҳаларнинг смета-ҳужжатларини тасдиқлаш, спорт объектларининг қурилиш ишларини бошлаш масалалар бўйича ҳам фикрлар билдириб ўтилди.
ЎзА