Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тошкент – 2024” III Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми якунланди
15:25 / 2024-09-09

Пойтахтимизда “Тошкент – 2024” III Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиумининг ёпилиш маросими ўтказилди.

Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бадиий академия, Бадиий ижодкорлар уюшмаси масъуллари, хорижий давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари, Бадиий академия ҳузуридаги таълим муассалалари вакиллари ва бошқалар иштирок этди. 

Қайд этиш лозимки, жорий йилги тадбир “Ҳайкалтарошлик, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши” мавзусига бағишланди. Бир ой давомида машаққатли меҳнат, бой тажриба ва улкан маҳорат эвазига экологияни асраш бугунги кунда инсоният учун нақадар долзарб кун тартибига айланганини англатиб турадиган санъат асарлари яратилди.    

Симпозиумда Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Болгария, Испания, Россия, Эстония, Бирлашган Араб Амирликлари, Беларусь, Озарбайжон, Грузия, Украина, Кения каби мамлакатлардан 20 нафар ҳамда юртимиздан 7 нафар профессионал ҳайкалтарош иштирок этди.  

– Мазкур тадбирда қатнашиш учун 150 нафар маҳаллий ва хорижлик ҳайкалтарош  600 га яқин лойиҳасини тақдим этди, – дейди экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Матназар Элмуродов. – Булар орасидан эса 27 та энг яхши лойиҳа танлаб олинди. Аҳамиятли томони шундаки, ҳар бир ҳайкалтарошлик намунаси табиатни муҳофаза қилишга қаратилган маълум бир ғояни акс эттирган. Ушбу симпозиум юртимизда ҳайкалтарошлик санъати янада ривожланишига хизмат қилади.    

Ҳайкалтарошлар томонидан Тошкент шаҳрида глобал ва минтақавий экологик муаммолар, иқлим ўзгариши, шаҳарсозлик, аҳолининг экологик ва эстетик маданиятини ошириш мавзуларига бағишланган 20 дан ортиқ ҳайкалтарошлик асари яратилди.  

– Табиатнинг ифлосланишига, аввало, инсоният сабабчи бўлган, –дейди эронлик ҳайкалтарош Шаҳо Резаи. –  Инсонлар азал-азалдан атроф-муҳитга турли шаклларда зарар етказиб келишган. Энди эса бу ҳолатга барҳам бериш, яъни уйғониш вақти келди. Шунинг учун ҳам мен табиат олдида тиз чўкиб, узр сўраётган инсон образини тасвирладим ва бу асаримни “Уйғониш” деб номладим.

Тадбир якунида ҳайкалтарошларга эсдалик совғалари топширилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА