ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Ёзёвон туманида жойлашган Тошҳовуз маҳалласи томорқачилик ва боғдорчиликдаги ютуқлари билан тобора машҳур бўлаётган ҳудудлардан. Мазкур маҳалла аҳолиси, цитрус мевалари, айниқса лимон етиштиришда юқори натижаларга эришаётир. Бугунги кунда маҳалладаги 150 га яқин оила айнан лимончилик йўналишида фаолият юритади.
81 ёшли меҳнат фахрийси Аҳмаджон Исмоилов Тошҳовуз лимончилик мактаби асосчиларидан. У 30 сотих ер майдонидаги иссиқхонада лимон парваришламоқда. Оилавий меҳнат ва бирдамлик натижаси ҳосил йил сайин ортмоқда.
Аҳмаджон Исмоилов оиласи нафақат лимон етиштириш, балки ундан фойдаланиб, қўшимча қийматга эга маҳсулот – табиий лимон шарбати тайёрлашни ҳам йўлга қўйган. Ҳозирда 7 турдаги цитрус мева шарбат тайёрлаш ўзлаштирилган. Ушбу маҳсулотлар нафақат Ёзёвон туманида, балки бутун Фарғона водийсида юқори сифати ва фойдали хусусиятлари билан харидорлар эътиборига тушган.
[gallery-25645]
– Шарбатларга ҳеч қандай сунъий қўшимча қўшилмайди, - дейди Аҳмаджон Исмоилов. – Фақат табиий мева, унинг шираси ва меҳнат бор. Шунинг учун ҳам маҳсулотимизга йилнинг тўрт фаслида ҳам талаб юқори. Яқин келажакда цитрус мевалари асосида тайёрланадиган табиий шарбатлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш ниятимиз бор.
Ҳудуд иқлими ва тупроқ шароити цитрус меваларини етиштириш учун жуда мос. Бу мазкур йўналишда катта имкониятлар эшигини очмоқда. Маҳаллада истиқомат қилаётган 1213 та оилада қарийб 5 минг нафар аҳоли яшайди. Агар ҳар бир оила шу йўналишда фаолият олиб борса, нафақат ички, балки ташқи бозор учун ҳам рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин бўлади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА