Сурхондарё вилоятида “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида 30 та маҳалла “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудуд” сифатида танлаб олиниб, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу маҳаллалар янада обод, кўркам ва фаровон гўшага айланади. Инфратузилмаси тубдан яхшиланиб, тадбиркорлик ривожланади. Юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва замонавий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилиб, қишлоқ маҳаллаларига шаҳар муҳити ҳамда яшаш шароитлари олиб кирилади.

Ана шундай улуғвор мақсадда Сариосиё туманидаги Тортули маҳалласини ҳам “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудуд”га айлантириш юзасидан кенг қамровли ободонлаштириш-бунёдкорлик ишлари бошланди.

Айни пайтда маҳалланинг марказий кўчаларини ободонлаштириш, пиёдалар ва велосипедлар учун йўлаклар қуриш, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш, кўчаларни кенгайтириш ва тартибга келтириш ишлари бажарилмоқда. Аҳоли турар жойлари ҳамда ижтимоий соҳа объектлари таъмирланиб, қиёфасини ўзгартирмоқда.

Туман ҳокими Одилжон Яқубов ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, дастур доирасида маҳалланинг ташқи кўринишини замонавий талабларга мос янгилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, жамоат ҳудудларини ободонлаштириб, яшил майдонларни кўпайтириш, инфратузилмани ривожлантириб, аҳоли муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар маҳаллани шаҳар қиёфасидаги обод ва фаровон гўшага айлантиришга хизмат қилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири