Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, шу орқали аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Тўрткўл туманида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Сўнгги йилларда қабул қилинган фармон ҳамда қарорлар асосида янги ташкил этилаётган ишлаб чиқариш объектлари аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни жамоатчиликка етказиш мақсадида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб тумандаги истиқболли лойиҳалардан бўлган, “Premium Golden Grain Products” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур завод Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбиркорлар учун яратилган алоҳида имтиёзлар ва инвестицион муҳит натижасида ишга туширилган. Бугунги кунда корхонада 20 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни икки сменада ташкил этилган.
Туманда жами 70 дан ортиқ чорвачилик субъекти фаолият кўрсатиб келаётган бўлиб, жами қорамоллар бош сони 5 минг 230 тани, шундан, наслли қорамоллар 3 минг 185 тани ташкил қилади. Чорвачилик субъектларида экин майдони 1,5 минг гектардан ортиқ бўлиб, уларга чорвачилик озуқа экинларидан маккажўхори, беда, хашаки лавлаги каби озуқабоп экинлар экилади.
“Кўна Тўрткўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Лочин чорва комплекс” фермер хўжалиги 2010 йилда ташкил топган. 70 гектардан ортиқ ер майдонига озуқа экинлари экилиб, 200 дан зиёд қорамол ва 60 дан зиёд қўй парвариш қилинмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари туман марказидан олисда жойлашган ҳудудда иш фаолиятини бошлаш ҳаракатида замонавий технологиялар орқали янги иш ўрнини ташкил қилиш арафасида турган “Degore-glass T” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада ҳам бўлди. Ушбу заводда ҳозирда чет элдан келтирилган замонавий ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллион АҚШ доллар (россиялик инвестор маблағи) бўлиб, ишга тушиш муддати жорий йил сентябрь ойига режалаштирилмоқда. Заводнинг лойиҳа қуввати 15 миллион дона шишага безак беришдан иборат. Янги завод ишга тушиши билан 60 нафар маҳаллий ишсиз фуқаро доимий иш билан таъминланади.
Тумандаги Баҳор маҳалласида истиқомат қилувчи Атажан оға Уразимбетов олий маълумотли агроном. У янгиликка бел боғлаб, банк ходимлари билан маслаҳатлашиб 33 миллион сўм кредит олди. Жамғарган сармоясини ҳам қўшиб, термос усулида иссиқхона қурди. 2024 йил декабрь ойида бошлаган бу ишлари бугун ўз мевасини бермоқда. Ҳозирда, томорқасидаги 3 сотих ерда қад ростлаган иссиқхонадаги 100 туп банан бугун отахоннинг доимий машғулотига айланган. Ўз ишининг натижасидан руҳланган отахон келгусида бошқада цитрус меваларни етиштиришни мақсад қилган.

Тумандаги Тошкент маҳалласида яшовчи Муратбой Жалгасов автоҳалокатдан сўнг ҳаракатсиз ҳолатга тушиб қолган эди. Маҳалла ижтимоий ходими томонидан ўтказилган сўровнома ва суҳбат давомида унинг эҳтиёжлари ўрганилиб, бир қатор хизматлар кўрсатилди.
Даволаш муолажалари натижасида ўзини анча тиклаб олгач, ўз томорқасидан унумли фойдаланиб қўшимча даромад олишни мақсад қилди. Имтиёзли кредит олиб фаолиятини бошлади. Албатта, бошланишида қийинчиликлар бўлди. Бугунги кунда Муратбой ака ўз уйида 3 мингдан ортиқ бедана боқиб, ички бозорни бедана тухуми ва гўшти билан таъминлаш эвазига оиласининг фаровонлигига эришмоқда. Ўзига бўлган ишонч ва олдига қўйган мақсад сари дадил бораётган тадбиркор келгусида катта режаларни амалга оширишга ҳаракат қилишини билдирди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.